Давлат бюджетининг 2019 йил I ярим йилликдаги харажатлари миқдори маълум қилинди
2019 йил 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил I ярим йилликдаги ижроси якунларини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, 2019 йилнинг I ярмида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,9 фоизга ўсиб, белгиланган режа 108,9 фоизга бажарилди, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса, 22,8 фоизни ташкил қилди. Мамлакат ЯИМ қарийб 222,0 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсди. Хусусан, тармоқлар таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 27,3 фоиздан 24,3 фоизга камайган бўлса, саноатнинг улуши 27,1 фоиздан 30,3 фоизга, қурилиш улуши 7,3 фоиздан 7,6 фоизга ўсди. Аҳоли умумий даромадлари 153,3 трлн. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 121,7 фоиз номинал ўсишига эришилди.
Йиғилишда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда солиқ-бюджет сиёсати соҳасидаги, хусусан солиқ маъмурчилигини ва бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар ўз натижасини берганини қайд этдилар. Давлат бюджети даромадлари ижросига тўхталиб ўтган депутатлар ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 50 696,9 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,9 фоизга ўсишга эришилгани, белгиланган режа 4 133,9 млрд. сўмга ортиғи билан ёки 108,9 фоизга бажарилганини ижобий баҳоладилар.
Парламент аъзолари Давлат бюджетининг харажатларига ҳам алоҳида эътибор билан ёндашдилар. Мазкур харажатлар (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 55 266,3 млрд. сўмни ташкил қилгани қайд этилди. Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилгани таъминланиб, соҳага умумий харажатларнинг 54,4 фоизи миқдорида маблағлар сарфланган. Бунда асосий эътибор аҳолининг реал даромадларини изчил ошириб бориш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга, шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойлар барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни ўз вақтида молиялаштиришга қаратилган.
Йиғилишда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, арзонлаштирилган уй-жойлар қуриш сингари ижтимоий аҳамияти юқори бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида президент томонидан белгиланган вазифаларни бажариш Давлат бюджети ижросининг устувор йўналишлари бўлгани, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг 2019 йил параметрлари ижроси учун 136.1 млрд. сўм сарфлангани таъкидланди. Бундан ташқари, таълим соҳасига ижтимоий харажатларнинг 54,5 фоизи ажратилгани, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 6 630,9 млрд. сўмни ташкил этгани ҳам юқори баҳоланди.
Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига Давлат бюджетидан 27 939,6 млрд. сўм миқдорда маблағлар йўналтирилган. Болаликдан ногиронлар учун тўланадиган нафақаларга Давлат бюджетидан 657,5 млрд. сўм маблағ ажратилгани ушбу соҳага эътиборнинг ортиб бораётганидан далолат.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетларни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишда мустақиллиги ва масъулиятини ошириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида маҳаллий бюджетларга 2,6 трлн. сўм сўм миқдорида қўшимча маблағлар туширилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 154 фоизга кўп.
Шу билан бирга, мажлисда депутатлар бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларнинг ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ айрим камчиликлар ҳам мавжудлигини кўрсатиб ўтдилар. Хусусан, ҳисобот даврида айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйгани, айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмагани оқибатида дебиторлик ва кредиторлик, айниқса, бюджет олдидаги боқиманда қарздорликнинг юзага келаётгани кескин танқид қилинди. Назорат тадбирлари натижасида бюджет тўғрисида қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатлари аниқланган бюджет ташкилотларининг 154 нафар раҳбар ва мансабдор шахслари 111,5 млн. сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилиб, улардан 88 млн. сўми ундирилгани бу борада жиддий бош қотириш лозимлигини кўрсатаётганига эътибор қаратилди.
Шундан келиб чиқиб, парламент аъзолари вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини кучайтириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан қатъий парламент назоратини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Муҳокамалар якунларига кўра, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Мавзуга оид
19:08 / 25.10.2024
Сайловда 1 миллиондан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди
20:25 / 23.07.2024
Хориждаги маҳкум ўзбекистонликлар жазони ватанида давом эттириши мумкинлиги белгиланмоқда
19:14 / 23.07.2024
Ўзбекистонда “тренингчи”лар фаолияти тартибга солинади
14:10 / 09.07.2024