Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет”даги фаоллик ва самарадорликни ҳудудлар кесимида акс эттирувчи рейтингни эълон қилди.
Маълум бўлишича, Бухоро вилояти максимал 100 баллдан 86,6 балл тўплаган ва ташаббусли бюджетлаштириш бўйича энг намунали ҳудудга айланган. Иккинчи ўриндаги Наманган вилояти 83,6 балл тўплаган.
Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳам 77 балл билан юқори ўринларни эгаллаган.

Сўнгги ўриндаги Андижон вилоятининг натижаси бошқа ҳудудларникидан кескин фарқ қилади: 55,3 балл. Вилоятдаги 16 та туман (шаҳар)дан фақат биттаси “яшил” тоифага, 6 таси “сариқ”, 9 таси эса “қизил” тоифага кирган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳам умумий “сариқ” тоифага тушган.

Рейтинг – 2026 йил 3-чорак бўйича, 5 та мезон асосида тузилган бўлиб, ҳар бир мезон бўйича ҳудудларга максимал 20 балл берилган:
аҳоли томонидан таклиф этилган лойиҳаларни саралаш босқичининг ташкил этилиши;
аҳолининг “Ташаббусли бюджет” жараёнларига жалб этилиши;
ҳудудий жамғармаларни шакллантириш бўйича талабларнинг бажарилиши;
жамоатчилик назорати (лойиҳаларга ташаббускорлар томонидан порталда баҳо берилиши);
ғолиб чиққан лойиҳаларнинг ижроси.
Сўнгги мезон – ғолиб лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича Жиззах (20 баллдан 16 балл), Хоразм (15,5 балл) ва Сурхондарё (15,3 балл) вилоятлари энг юқори кўрсаткични қайд этган.
Сирдарё (11,7 балл), Навоий (12,4 балл), Андижон ва Самарқанд вилоятлари (12,9 баллдан) эса лойиҳалар ижроси бўйича паст натижа қайд этган.


















