Испания Олий суди диктатор Франсиско Франконинг қабрини бошқа жойга кўчириш лозим, деган қарорга келди. Бунга у дафн этилган жой юзасидан узоқ вақт давом этган баҳс-мунозаралар сабаб бўлди.

Франко 1930-йиллардаги фуқаролар урушидан кейин ҳокимият тепасига келган ва Испанияни 1975 йилгача бошқарган.

BBC хабарига кўра, мамлакатнинг амалдаги бош вазири Педро Санчес Twitter саҳифасида суднинг эксгумацияга рухсат бериш қарорини «демократиянинг улкан ғалабаси» деб атаган.

Санчеснинг ўринбосари Кармен Кальво эса қабр «иложи борича тезроқ» кўчириб ўтказилишини маълум қилди. Унга кўра, мазкур масала юзасидан ишларни 10 ноябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловига қадар тугаллаш режалаштирилган.

Социалистлар ҳукумати жасадни эксгумация қилиш таклифини август ойида маъқуллаган эди. Франконинг қариндошлари бунга қарши апелляция берган, аммо Олий суд уларнинг даъвосини қаноатлантирмаган.

Диктаторнинг қабри фуқаролар урушида ҳалок бўлган 10 минглаб кишилар дафн этилган «Уруш қурбонлари водийси» номли улкан қабристонда жойлашган. Мадрид яқинидаги бу мозорни кўпчилик фашизмнинг ғалабасига аталган ёдгорлик, деб ҳисоблайди ва у ультра ўнг қарашга эга кишилар учун ўзига хос «зиёратгоҳ»га айланган.

«Франконинг қўшинлари томонидан ўлдирилган одамларнинг Франко ётган жойга кўмилиши – абсурд. Баъзилар уни ҳамон Испаниянинг халоскори сифатида улуғлашда давом этишяпти», – дея бобоси 1936 йили бошланган фуқаролар урушида ҳалок бўлган Силвия Наварронинг сўзларини келтирди BBC.

Умуман, қабр кўчирилиши тарафдорларининг аксариятини Франко режими қурбонларининг авлодлари ташкил этади.

Режага кўра, Франсиско Франконинг жасади Мадрид шимолидаги Эл Пардо мозорига, марҳумнинг рафиқаси қабри ёнига кўчирилади. Испаниянинг бошқа кўплаб сиёсатчилари ҳам айни шу қабристонга дафн этилган.

Франко диктатураси