Жамият | 10:21 / 29.09.2019
37597
1 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: «Тезроқ нафақага чиқиб, Бухорога қайтсам...»

3 йил олдин Бухородан Тошкентга келган 57 ёшли Жуманазар Авезов Ўзбекистон Миллий университети ҳудудидаги тозалик ишларига жавобгар инсонлардан бири сифатида меҳнат қилмоқда.

Жуманазар Авезов иш вақти бошланадиган соат 06:00дан то соат 16:00гача физика, кимё математика ва яна бошқа факультетлар атрофини сўлиган гуллардан тозалайди, чиқиндилар йиғилмаслигини назорат қилади.

У Қоракўлда, ўз қишлоғида иш топиш қийинлиги туфайли кўпчилик бошқа давлатларда ёки шаҳарларда қурилиш ишларида ишлаётгани, қишлоқда эса асосан нафақахўрлар, аёллар ва мактаб ўқувчилари қолгани ҳақида сўзлаб берди.

«Оилам Қоракўлда. 2 нафар қизим бор. Уларни ўқитганман – иккаласи ҳам ҳамшира. Ойлик маошимни (1 ярим миллион сўм) тўлиқ уйга юбораман. Шулар учун ишлаяпман-да», - дейди Жуманазар Авезов.

У айни пайтда тезроқ нафақага чиқиб, Бухорога қайтишни, ўз маҳалласида тўй-маъракаларга қатнашиб юришни орзу қилмоқда.

Зилола Ғайбуллаева.
Тасвирчи: Дониёр Якубов.

Мавзуга оид