Жамият | 23:15 / 07.10.2019
120171
6 дақиқада ўқилади

Анқара бош прокурори Нодира Қодирова иши бўйича Kun.uz'га изоҳ берди

Юксел Кожаман / Фото: Анқара шаҳар прокуратураси

Туркия пойтахти Анқарада, парламент депутатининг уйидаги номаълум ҳодиса оқибатида вафот этган ўзбекистонлик Нодира Қодированинг ўлими икки ҳафтадан буён ҳам ўзбек, ҳам турк жамоатчилиги диққат марказида бўлиб турибди.

Kun.uz мухбири мазкур шубҳали ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмаги билан, Анқара шаҳар бош прокурори Юксел Кожаман қабулида бўлди.

Суҳбат аввалида прокурор Ўзбекистон ва Туркия халқларини қардошлик ришталари боғлаб туришини таъкидлаб ўтди.

«Биринчи навбатда шуни айтишим керакки, бизни Ўзбекистон билан самимий дўстлик алоқалари боғлаб туради. Қардош Ўзбекистон халқининг биздан хафа бўлишини истамаймиз.

Биз, у ким бўлишидан қатъи назар, адолатли тарзда суриштирув олиб борамиз. Ўзбекистон ватандошлари бизнинг ҳимоямиз остида», – деди Кожаман.

Анқара шаҳар бош прокурорининг фикрича, айрим нашрлар ҳодисани жуда бўрттириб ёритмоқда. Яъни бу орқали баъзилар ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясини обрўсизлантиришга уриняпти.

«Ҳодиса Адолат ва тараққиёт партиясининг парламентдаги депутати уйида бўлгани учун ҳам одамлар орасида ҳар хил гап-сўзлар юрибди.

Бу ерда баъзи нашрлар томонидан партияга қарши турли фитналар қилиняпти. Бу каби ҳолатлардан, масалан, мухолифат ҳукмрон партияга босим ўтказиш мақсадида фойдаланиб қолишга уринаётган бўлиши мумкин. Уларнинг ҳам маълум даражада ОАВга таъсири бор. Лекин биз бу фитнага учмаймиз, бу босимларга ён бермаймиз. ОАВ босим ўтказишда давом этиши мумкин, аммо биз ўз ишимизни профессионал бажаришда давом этамиз», – дейди у.

Юксел Кожаман бевосита ҳодиса ҳақида тўхталар экан, воқеани суицид деб гумон қилиш учун баъзи асослар борлигини маълум қилди.

«Воқеа рўй берган хонадаги барча ашёвий далиллар ўрганилмоқда, хона ўша вақтда видеотасвирга туширилган. Суриштирув тугагандан кейин бор далилларни тақдим этамиз.

Биздаги биринчи далил – орган ходимлари борган вақтда қизнинг хонаси ичкаридан қулфланган бўлган. Шундай бўлса-да, шу фактнинг ўзи билан чекланиб, суриштирув ишларини тўхтатиб қўймоқчи эмасмиз.

Одамлар орасида тўппонча икки қўл билан ушлаб отилгани ҳақида гаплар юрибди. Лекин экспертиза қилганимизда бир қўл билан ўқ узилганини аниқладик. Уйдаги ҳамма шахсларнинг бармоқ изларини олганмиз», – деди прокурор.

Унинг сўзларига кўра, экспертиза давомида марҳумнинг танасида ўқ жароҳатидан бошқа шикастланиш аломатлари бор-йўқлиги ҳам инобатга олинган.

«Қолаверса, марҳумнинг танасида ўқ ярасидан бошқа ҳар қанақа жароҳат бор-йўқлиги юзасидан чуқур экспертиза ўтказганмиз. Ҳамма намуналар олинган», – деди Анқара прокуратураси раҳбари.

Юксел Кожаман, шунингдек, жасад шошилинч равишда Ўзбекистонга юборилгани ҳақидаги шубҳа-гумонларга муносабат билдирди.

«Марҳумнинг жасади Ўзбекистонга тезлик билан жўнатиб юборилган, деган гаплар ҳам бор. Унақа бўлгани йўқ. Биз ҳамма намуналарни олиб, барча текширувларни ўтказиб бўлгандан кейин дафн этиш учун юбордик. Экспертиза маълумотлари бизда 100 йил сақланади.

Суриштирувни давом эттиряпмиз. Суд-тиббий экспертизаси бизга якуний хулоса берганидан кейин уни жамоатчиликка очиқлаймиз», – деб қайд этди у.

Суҳбат якунида Анқара бош прокурори марҳумнинг оила аъзолари ва Ўзбекистон халқига таъзия изҳор қилди.

«Консуллик орқали марҳумнинг оиласи билан боғланиб, қандайдир шикоятингиз борми, қўрқмай айтаверинг, деб сўрамоқчимиз.

Мен оддий инсон сифатида марҳумнинг оила аъзоларидан, бутун Ўзбекистон халқидан таъзиямни қабул қилишларини сўрайман», – деди Юксел Кожаман.

Эслатиб ўтамиз, 1996 йилда туғилган Нодира Қодирова истеъфодаги генерал Ширин Уналнинг уйида бир йилдан буён хизматчилик қилиб келаётган бўлган. У 23 сентябрь оқшомида, полициянинг дастлабки хулосасига кўра, генералнинг тўппончаси билан ўзини отиб қўйган, оқибатда касалхонада жон берган.

Қодированинг акаси ва дугонаси у воқеадан олдин жинсий зўравонликка учраган бўлиши мумкин, деган даъвони илгари сурмоқда. Марҳумнинг дугонаси Лайло Ниёзова у ўлимидан олдин шу мавзуда гапирганини айтаётган бўлса, акаси Муҳаммад Али синглисида ўз жонига қасд қилиш учун ҳеч қандай сабаб бўлмагани, у университетга кириш ниятида бўлганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, куни кеча Deutsche Welle «Нодиранинг ўлими бўйича шубҳалар ортмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда марҳумнинг жасади Ўзбекистонга келтирилгач, дафн этишдан олдин ювиш чоғида танада иккита ўқ изи ва кўкарган жойлар борлигининг гувоҳи бўлишгани ҳақида сўз боради.

Мавзуга оид:

Ўзбекистонлик қиз Туркия парламенти депутатининг уйида ўзини отиб қўйди. Марҳумнинг акаси полиция хулосасидан шубҳада

Нодира Қодирова иши. Яқинлари марҳумнинг зўрланганини тахмин қилаётган бир пайтда прокурор уни фоҳишаликда гумон қиляпти

Нодира Қодирова иши. Туркия парламентининг мухолиф депутати Адлия вазиридан 6та саволга жавоб талаб қилди

ТИВ: Нодира Қодированинг ўлими билан боғлиқ вазият назорат остида

Ҳуқуқшунос: «Улар Нодира Қодировани фоҳишаликда айблаш орқали ўзларини оқлаб олишмоқчи»

Нодира Қодирова иши бўйича депутатнинг ўзи қандай кўрсатма бергани маълум – ОАВ

Қодированинг Туркияда ишлаш учун рухсатномаси бўлмаган. Ижтимоий тармоқларда норозилик кампанияси бошланди

Мавзуга оид