Ўзбекистон | 11:19 / 12.10.2019
9167
2 дақиқада ўқилади

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси бошлиғи тайинланди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси бошлиғи тайинланди.

Ҳукумат ҳужжатига кўра, Равшан Эрбекович Умаров Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси бошлиғи лавозимини эгаллади.

Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Абдулла Арипов 2019 йилнинг 11 октябрь куни бу ҳақдаги тегишли қарорни имзолади.

Қуйидагилар Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ фаолият соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда иштирок этиш;

минерал хомашёдан қимматбаҳо металларни технологик жараёнларда, қайта ишлашда комплекс максимал ажратиб олиш, ишлаб чиқариш, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш, шунингдек, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларни сотиб олиш ва сотиш устидан назорат қилиш;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ фаолият соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

сотишга мўлжалланган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини аниқлаш ва уларга Ўзбекистон Республикаси давлат тамғалари қўйилишини таъминлаш.

Эслатиб ўтамиз, Равшан Умаров Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси раҳбари сифатида ишлаган.