Жамият | 18:20 / 28.11.2019
2286
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқлар орқали қилинган мурожаатлар ҳам ўрганилади — ИИВ

Ички ишлар органларига ижтимоий тармоқлар орқали қилинган мурожаатлар доимий равишда ўрганиб борилади. Агар фуқаро тўғридан-тўғри биринчи марта ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилаётган бўлса, улар оғзаки мурожаат сифатида расмийлаштирилган ҳолда кўриб чиқилади. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги томонидан маълумот берилди.

«Агар шахс ўзи ҳақида маълумот қолдирган бўлса, биз унинг ўзига ёзма равишда жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Бундан ташқари, фуқаро олдин ички ишлар органларига мурожаат қилган ва натижасидан қониқмагани туфайли ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилаётган бўлса, бу ҳолатдаги ўрганишларимизни расмий сайтимизда кенг жамоатчиликка ҳам маълум қилиб борамиз», дея маълумот берди ИИВ ташкилий департаменти Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Озодбек Жўрабоев.

Унинг қайд этишича, айни пайтда ички ишлар органларига келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмида фуқаролик паспорти ва виза масаласи, терговга қадар текширув, суруштирув ва тергов жараёни билан боғлиқ муаммолар акс этмоқда.

Шунингдек, жазони ўташ муассасаларидан  авф этишни сўраб юбориладиган хатлар ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам умумий фоизнинг катта қисмини ташкил қилади.

Матбуот анжуманида Озодбек Жўрабоев журналистлар томонидан «ашаддий мурожаатчилар» билан ишлаш механизми ҳақида берилган савол юзасидан ҳам маълумот бериб ўтди.

«2019 йилнинг 10 ойи давомида вазирлик таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига 80 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 1079таси келтирилган важлар ўз тасдиғини топмагани ёки асоссиз ёзилгани каби сабаблар туфайли кўрмасдан қолдирилган.

Лекин вазирлик тизимида мунтазам равишда мурожаат қилувчилар, яъни «ашаддий мурожаатчилар» тоифаси шакллантирилмайди.

Шундай бўлишига қарамай, доимий равишда мурожаат қиладиганлар ҳам бўлиб, уларга бу мурожаати олдингисидан фарқли ёки келтираётган сабаби муҳимроқ бўлиши мумкин деган нуқтаи назар билан қаралади ва мурожаати ўрганилади», дейди Озодбек Жўрабоев.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид