Kun.uz Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассиси Азизбек Нишонов билан суҳбат уюштирди. Мутахассис ҳар бир инсон ОИВ инфекцияси ва ОИТС хасталиги бўйича нималардан бохабар бўлиши, профилактика учун нималарга риоя қилиниши кераклиги хусусида батафсил маълумот берди.
─ ОИВ инфекцияси ва ОИТС хасталиги нима? Унинг инсон органзми учун зарари қандай намоён бўлади?
─ ОИВ (одам иммунитети танқислиги вируси) сурункали юқумли касаллик бўлиб, инсон организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. У организмни ташқи хавфли таъсирлардан ҳимоя қилувчи тизим ─ иммун тизимини издан чиқаради. Унинг ўзига хослиги шундаки, вирус организмга тушган дастлабки даврда ҳеч қанай нохуш аломатлар сезилмайди, иммун тизими вирусларнинг тажовузини бостириб туради. Одам вирусни юқтириб олганидан бошлаб 10 йилгача ўзи касал эканини сезмайди. Бу даврда организмда ОИВ вируслари билан касалланган ҳужайралар сони соғлом ҳужайраларга қараганда ошиб боради, натижада ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) келиб чиқади. Бу сурункали тарзда кечувчи тизимли хасталик. У фақат битта органни зарарлайди, деб тушуниш хато. Организмнинг вируслар билан маҳв этилиши натижасида иммун тизими ўз вазифасини бажара олмайди, натижада инсон ҳар қандай ташқи таъсирга сезувчан бўлади, оддий касалликларни ҳам оғир кечиради. Организмнинг курашувчанлиги йўқолгани боис ёндош касалликлар ривожланиб бораверади. ОИТС сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал, қисқа вақт ичида кескин озиб кетиш, ҳарорат сабабсиз кўтарилиши, узоқ вақт ич кетиши (диарея), оғиз бўшлиғи ва турли аъзолар яллиғланиши, хавфли ўсмалар ривожланиши каби белгилар билан намоён бўлади.
─ ОИВ инфекцияси қандай йўл билан юқади? Ундан ҳимояланиш учун нималарга диққат қаратиш лозим?
─ UNAIDS (БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури) маълумотларига кўра, дунё бўйича айни кунда 37 млн киши ОИВ инфекцияси билан касалланган. Касаллик кўпинча 20-49 ёшлилар ўртасида қайд этилади. Бу хасталикнинг узоқ вақт яширин тарзда кечиши, натижада беморнинг ўзи билмаган ҳолда бошқаларга ҳам касалликни юқтириши билан боқлиқ.
ОИВ инфекцияси ОИВ билан зарарланган шахс билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда, гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган жарроҳлик, доялик, стоматологик ва бошқа тиббий асбоблар орқали муолажалар олганда, шприц ва игналардан умумий фойдаланилганда, инфекцияни юқтириб олган ҳомиладор онадан болага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғуруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали юқади.

















