Ўзбекистонда ОИТС билан яшовчи шахслар сони 52 минг нафарга етган. Бу рақамлар ортида нафақат тиббий ташхис, балки жамиятдаги қўрқув, мифлар ва тамғалаш билан кечаётган ҳаётлар бор. Kun.uz Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда шундай ҳаётда яшаётган инсонларга қулоқ тутди.
Ўзбекистонда 52 минг нафар шахс шу касаллик билан яшайди, уларнинг 45 фоизини аёллар, 55 фоизини эркаклар ташкил қилади. Негадир кўпчиликда бу касалликка чалинган шахсларга нисбатан ғалати қараш бор. Аммо шифокорлар айби билан бу инфекцияни юқтирган аноним мурожаатчи бизга кўринмайдиган, бироқ хавотирга соладиган касалликнинг тарқалиши ва уларга нисбатан қарашлар ҳақида гапирди.
Нодир, 38 ёшда (маълумот ўзгартирилган):
Чиройли ҳаётим шифокорлар айби билан ўзгариб кетди
«2016 йил августда буйрагимнинг биттасини олишди, битта буйрагим қуриган экан. Операция вақтида тиббиёт ходимларининг лоқайдлиги, эътиборсизлиги туфайли менда қон кетиб қолади. Ўша вақтда менга тўғри келадиган қонни топишолмаган. Шунда шу ерда ётган бемор аёлнинг опасининг қони тушган. У қон беришга рози бўлган ва шифокорлар текширмасдан қон олиб, менга қуйишган. У аёлнинг эри 2 ой аввал Россияда ОИТС касалини юқтириб олиб депорт бўлиб келган экан. Лекин аёл ўзига бу касал юққанини билмаган.
Операциядан 3 ой ўтиб аҳволим оғирлашди, вазн ташлашни бошладим. 6-ойга келиб критик вазиятга тушдим. Юришим, нафас олишим қийинлашиб қолди. Бунинг сабабини билиш учун қайта текширув бошланди. Текширувда менда ОИТС ва Гепатит С аниқланди. Яқинларим буни эшитиб шокка тушишди. Чунки операциягача 3 босқичли текширувдан ўтгандим. Юқумли касалликлар бор-йўқлиги қон анализларида текширилган. Оилам, фарзандим бор эди. Ота-онам бундай бўлиши мумкин эмаслигини, операциягача таҳлилларда бундай касалликлар йўқлигини айтишди. Шифокорлар ҳам ҳайрон, донор аёлни ҳам қайта текшириб кўришганда унда ОИТС касаллиги борлиги аниқланди. Аёл ҳам унгача бу ҳақида билмаган, эридан юққан экан.
2016 йилда ҳаётим 150 даражага ўзгариб кетди. Оиламдан ажрашдим, чунки бу касалга чалинган одам соғлом инсон билан яшолмайди, фарзандимни ўйладим. Унгача жуда бахтли оила эдик. Ўз севимли касбим бор эди. Орада шунчалик тушкунликка тушдимки, икки марта ўз жонимга қасд қилмоқчи бўлдим. Интернетда бу касаллик ҳақида ўргана бошладим. Чиройли кетаётган ҳаётим кимнингдир хатоси билан ўзгариб кетса… Тўғри, улар жазосини олди. Лекин бу ерда бир одамнинг ҳаёти синиб кетяпти».














