Жамият | 15:52 / 05.12.2019
11644
1 дақиқада ўқилади

Аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газ баллонларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди 

Иллюстратив фото

“Жомбойтумангаз” филиалида аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газ баллонларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти, Жомбой туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Жомбойтумангаз” филиали бўлим муҳандиси Ғ.И. ва бошқалар моддий жавобгарлигида бўлган 128,2 млн. сўмлик 402 дона маиший газ баллонларини ҳамда 101,4 млн. сўмлик суюлтирилган газ маҳсулотларини асоссиз ҳисобдан чиқариб, талон-торож қилганликлари аниқланган.   

Мазкур ҳолат юзасидан Ғ.И. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид