Ҳамма халқларнинг урф-одати, анъаналар бор ва уларнинг айримлари бошқалар учун ғалати туюлади. Масалан, Марказий Осиё ва Кавказдаги айрим халқларда қиз олиб қочиш, келин ўғирлаш одатлари бор.

Ҳозир қиз ўғирлаб, уни турмушга чиқишга мажбурлаш қонунан тақиқланган ва энди бу ишлар рамзий тарзда амалга оширилади. Яъни икки томоннинг розилиги билан. Бироқ бу ишлар одатга айлана бошлаган вақтларда йигит қизнинг розилигини сўраб ҳам ўтирмай ўғирлаб, ўзига турмушга чиқишга мажбурлаган. Қизларни мажбуран олиб қочиш ҳолатлари ҳамон учраб туради. Бироқ бундай зўравонларга қонунан чора кўрилаётгани учун вазият ижобий томонга ўзгарган.

XX асрнинг 70-йилларигача Италияда қиз олиб қочишга ўхшаш одат бўлган. Қонунда ҳам бу иш амалда тақиқланмаган. Йигит қизни ўғирлаб кетиб зўрласа ва унга уйланишни талаб қилса, қиз қонунан ҳеч нима қилолмаган. Табиийки, қизни зўрлаган йигит жавобгарликдан қутулиб қолган. Ана шу жазосизлик қиз ўғирлашни анъанага айлантирган.

Бироқ 1965 йил 17 ёшли Франка Виола бу бемаза одатга исён қилиб, барчасини ўзгартириб юборади. Қизалоқ уни ўғирлаб кетиб, зўрлаган йигитга турмушга чиқишдан бош тортади. Қизга босим қилишади, бироқ ота-онаси ўзи томонида бўлгани учун Франка охиригача қарорида қатъий туради. Охир-оқибат зўравон йигит жиноий жавобгарликка тортилади.

Бу воқеадан кейин Италия парламенти тегишли қонунларни қайта кўриб чиқади. Депутатлар ўз қурбонига уйланган йигитларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги қонунни бекор қилади.

Франка Виоланинг ўғирланиши

Франка Виола Италия мафияси «ватани» Сицилия оролидаги Алкамо шаҳрида туғилган. У пайтлар Италияда аёлнинг тақдири кўп ҳолларда ўзига боғлиқ бўлмаган. Сицилияда оила шаъни ва қизларнинг никоҳгача бўлган обрўсига жиддий қарашган. Яъни қизлар зўравонлик қурбони бўлса ҳам, жамият уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жиноятчини жазолашдан кўра, оила шаънини устун қўярди. Франка ана шундай жамиятда улғаяди.

17 ёшли гўзал Франкага йигитлар совчи қўя бошлайди, бироқ қиз уларнинг ҳеч бирига розилик бермайди. 1965 йил 26 декабр куни ана шундай рад этилганлардан бири Филиппо Мелодия шериклари билан қизни ўғирлаб кетади. Йигит Франкани саккиз кун тутқунликда сақлаб, муттасил зўрлайди. Қизнинг ота-онаси аввалига Франкани ким ўғирлаб кетганини билолмайди. Кўп ўтмай уни Филиппо ўғирлагани ҳақида гап-сўзлар тарқайди. Бир неча кун ўтиб полиция қизни озод қилади, зўравон ҳибсга олинади.

Қонунни ўзгартирган «йўқ»