Сайлов қонунчилигини қўпол равишда бузганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган – Бош прокурор
Сайлов жараёнида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, бу борада аниқланган айрим қўпол қонунбузилишлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 23 декабрь куни Халқаро матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра, ҳозиргача 2та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
«Хусусан, Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси Бобур Холматовнинг мурожаати текширилди. Текширишда Учтепа тумани ҳокимлиги ташкилий–кадрлар гуруҳи раҳбари Шерзод Нигматов Ўзбекистон Экологик партияси ички ишларига ва сайлов жараёнига ноқонуний аралашгани аниқланди.
Шерзод Нигматов ва Экология партиясининг туман Кенгаши раиси Маҳкамов бу партияга мансуб бўлмаган 3 нафар шахсни (ЎзЛиДеП аъзоси Бобур Ҳолматов, «Адолат» партияси аъзоси Ҳулкар Юнусова ҳамда 2017 йилдан бери АҚШда яшаб келаётган фуқаро Санобар Азимова) уларнинг розилигисиз ва хабарисиз Экологик партиядан Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатиб, сайлов ҳужжатларига сохта маълумотлар киритишган», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
22 декабрь куни соат «Телеграм» тармоғида Сергели туманидаги 17-сонли участка сайлов комиссиясида 9 дона сайлов бюллетени бир шахс томонидан имзоланиб, сохталаштирилгани ҳақидаги видеолавҳа тарқалгани, унда тумандаги 426-сонли сайлов участкасида овозларни саноқдан ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнига номзодларнинг ишончли вакиллари ва кузатувчилар киритилмасдан, саноқдан ўтказиш алоҳида хонада амалга оширилгани акс этган эди.
Тадбирда маълум қилинишича, Учтепа ва Сергели туманларида содир этилган ҳолатлар юзасидан 23 декабрь куни Жиноят кодексининг 146-моддаси ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Яна бир ҳолат, Яшнобод тумани ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Қудрат Ҳусанов 22 декабрь куни тумандаги округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятига ноқонуний аралашиб, 30та участка сайлов комиссиялари раисларига сайловдан кейин зудлик билан сайлов баённомаларининг қоралама нусхалари билан етиб келишни ҳамда баённомаларнинг асл нусхаларига бирор ёзув киритмаслик ҳақида ноқонуний кўрсатма бергани билан боғлиқ.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш, жумладан, ҳокимлик мутасаддилари маҳалла раисларига муайян номзодларни қўллаб-қуватлаш ҳақида топшириқ бергани билан боғлиқ маълумотлар тарқатилиб, улар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу маълумотларни текширишда, ушбу тумандаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳолатлари тасдиқланмади», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ўзбекистон бош прокурори Қашқадарё вилояти Косон ва Чироқчи туманлари Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига номзоди кўрсатилган шахсларни ўз номзодларини қайтариб олишга мажбурлагани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалгани, айни пайтда тажрибали прокурор-тергов ходимларидан иборат махсус гуруҳлар тузилиб, мазкур хабарлар юзасидан текшириш ўтказилаётгани, сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари маълумотлари Штаб томонидан алоҳида назоратга олиниб, қонун доирасида ўрганилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишини таъкидлади.
«Прокуратурага келиб тушган хабарлар, мурожаатлар амалдаги қонунчилик доирасида кўриб чиқилади. Қонун бузилиши аниқланган тақдирда, кўрилган чоралар ҳақида расмий сайтимиз орқали кенг жамоатчилик эътиборига батафсил маълумотлар берамиз. Қонунни бузган шахсга нисбатан жавобгарлик қўллаш билан боғлиқ бўлган нормаларни қўллашда қонунийлик, адолатлилик, айб учун жавобгарлик муқаррарлиги каби тамойиллари асосида ҳар бир ҳолат синчковлик билан, холис ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади» деган Ниғматилла Йўлдошев.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга қадар амалдаги қонунчилик талаблари бузилгани ҳолатлари юзасидан ҳозирга қадар 3 нафар шахс суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилган эди.
Аввалроқ, 22 декабрда ўтказилган брифингда уларнинг уч нафари, яъни Олмазор туманидаги 38-сонли сайлов округидан номзод Аброр Ахмедов, Наманган шаҳридаги 32-сонли сайлов округидан номзод Зокир Ходжаев, Қува туманидан номзоднинг ишончли вакили Хожиакбар Абдуллаев томонидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартиби бузилгани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:00 / 09.09.2024
Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларни сотаётган шахс ушланди
18:41 / 16.08.2024
Ниғматилла Йўлдошев Кураш федерацияси раислигига қайта сайланди
18:42 / 19.07.2024