«Биз уруш қонунларига амал қиламиз», дея қайд этган мудофаа вазири. У Оқ уй раҳбарининг бундай буйруғини бажариш ҳарбий жиноят бўлишини айтиб ўтган.

Америка ҳарбийлари раҳбарининг 6 январь куни кечқурун Пентагонда ўтказилган брифингдаги кутилмаган баёноти яна бир марта генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши Вашингтонда навбатдаги сиёсий инқирозли ҳолатни юзага келтирганини тасдиқлади.

5 январь куни тонгда Трамп твиттердаги саҳифасида Теҳрон америкаликларга ёки Қўшма Штатлар объектларига ҳужум қилса, Эрондаги 52 та объектга зарба берилиши ҳақида огоҳлантирганди.

«Бу огоҳлантириш бўлсин: агар Эрон америкаликлар ёки АҚШ объектларига зарба берса, биз Эрон томонидан узоқ йиллар аввал гаровга олинган 52 кишини ифодаловчи Эрондаги 52 та нишонни танладик», деганди Трамп.

Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавод Зариф унинг бу сўзларига жавоб қайтариб, АҚШ президенти «қўрқоқларча уюштирилган қотиллик» билан халқаро ҳуқуқ қоидаларини қўпол равишда бузгани, қизил чизиқлар деб аталадиган императив нормаларни ҳам бузиш билан таҳдид қилаётгани, Эроннинг тарихий ва маданий объектларига бериладиган зарбалар ҳарбий жиноятга тенг эканини билдирганди.

Эрон ахборот технологиялари вазири Жавод Озарий Жаҳромий бу сўзлари учун Трампни «костюмдаги террорчи» деб атади, Эрон қуролли кучлари қўмондони Абдулраҳим Мусавий эса АҚШнинг бундай ҳужум уюштиришга жасорати етишига шубҳа билдирди.

1954 йил қабул қилинган Ҳаага конвенциясига кўра ҳам бундай ҳужумлар уруш жиноятлари деб баҳоланган.

Якшанба куни рождество таътилидан Оқ уйга қайтган АҚШ президенти Эрондаги тарихий ва маданий обидаларга ҳужум қилиш тўғрисидаги сўзларини оқлашга уринди.

АҚШ Форс кўрфази ҳудудидаги ҳарбий қудратини оширишга эътибор қаратмоқда