Жаҳон | 10:54 / 13.08.2020
5931
2 дақиқада ўқилади

Трамп Пентагон раҳбарининг истеъфосини муҳокама қилгани маълум қилинди 

АҚШ президенти Дональд Трамп ноябрдаги президент сайловларида ғалаба қозонса, Пентагон раҳбари Марк Эсперни истеъфога чиқариш имконини ўз маслаҳатчилари билан муҳокама қилган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.   

Фото: РИА Новости

АҚШ мудофаа вазирининг истеъфога чиқарилиши мумкинлигига унинг Трамп билан бир неча масалалар бўйича келишмовчиликка боргани сабаб қилиб кўрсатилган. Жумладан, Трампга унинг АҚШда қора танли Жорж Флойд ўлимидан кейин юзага келган тартибсизликларни бостиришда армия ва федерал кучларни қўллаш қарорини Эспернинг қўллаб-қувватламагани ёқмаган.

Бундан ташқари, Эспер ва Трамп АҚШ ҳарбий объектларида Конфедерация байроғини қўллаш борасида турли позицияларни эгаллаган. Жумладан, Пентагон раҳбари бу байроқни тақиқловчи фармон чиқарган.

Bloomberg’нинг Эсперга яқин амалдорга таяниб хабар беришича, Пентагон раҳбари Трамп билан у буни истагунча ишлашга тайёр. Бошқа манбанинг маълум қилишича, вазир ноябрдаги сайловлар натижаларидан қатъи назар ўз лавозимини тарк этмоқчи.

Бироқ Reuters маълумотларига кўра, Оқ уй расмий вакили Жадд Дир Трамп маъмурияти ходимларини ўзгартиришга тайёрланаётгани ҳақидаги маълумотни рад этган. “Айни вақтда биз ходимларни ўзгартиришни режалаштирмаганмиз. Ҳозир сайловлардан кейин ёки президентнинг иккинчи муддати вақтидаги ўзгартиришлар ҳақида тахминлар билдириш мақсадга мувофиқ эмас”, деб айтган Дир. 

Мавзуга оид