Ўзбекистон | 18:12 / 13.01.2020
35314
3 дақиқада ўқилади

Рустам Холматов Тошкент вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди

Бугун, 13 январь куни Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг янги — олтинчи чақириғи илк сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутатлигига ўтказилган сайлов натижалари хусусида маълумот берилди. Вилоят сайлов комиссияси раиси Жалолиддин Насриддиновнинг қайд этишича, вилоят кенгашига ЎзЛиДеПдан 18 нафар, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 8 нафар, «Адолат» СДПдан 11 нафар, Халқ демократик партиясидан 19 нафар, Экологик партиядан 4 нафар вакил — жами 60 нафар депутат сайланган. Депутатларнинг 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Сессия кун тартибига асосан вилоят кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят кенгашига сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатга олинди. 

Сессия давомида депутатлар кенгашнинг доимий фаолият юритувчи 8та комиссия таркиби ва раисларини сайлашди. 

Вилоят кенгаши сессия ишида ташкилий масала  — вилоят ҳокимини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Сессияда Президент вакили сифатида иштирок этган бош вазир Абдулла Арипов Тошкент вилоят ҳокими лавозимига 36-«Оққўрғон» сайлов округидан сайланган депутат Рустам Холматов номзодини тасдиқлаш тўғрисида тақдимномани ўқиб эшиттирди.

Абдулла Ариповнинг қайд этишича, номзод Рустам Холматов раҳабарлигида 2019 йилда Тошкент вилоятига 380 млн АҚШ долларидан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Вилоятнинг йиллик бюджет тушуми ўтган йил учун 3,5 трлн сўмни ташкил этди.

Вилоят кенгаши партиялар гуруҳлари Рустам Холматов номзодининг Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланишини якдиллик билан қўллаб-қувватлади.

Шу билан бирга, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари қўшма мажлиси Маслаҳат кенгаши аъзолигига ҳам Рустам Холматов номзоди тавсия этилди.

Рустам Холматов 1961 йилда Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида туғилган, 1987 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. 

У 1998-2000 йилларда  Чиноз тумани ҳокими, 2000-2003 йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари —  вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2003-2008 йилларда Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими, 2008-2013 йилларда Тошкент вилояти ҳокими лавозимида хизмат қилган.

У 2016-2017 йилларда  Бекобод тумани ҳокими, 2017-2018 йилларда Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган, 2018-2019 йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Тошкент вилояти собиқ ҳокими Ғуломжон Ибрагимов саломатлиги туфайли бошқа ишга  ўтказилгани боис 2019 йилнинг июнь ойидан бери Рустам Холматов вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган эди.

Мавзуга оид