Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мигрантлар учун қулай шароитлар яратилади» – ТИВ Россия билан 2та келишув устида ишламоқда
28 февраль куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот эшитилди.
Ахборотни Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов ўқиб эшиттирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Сенат раиси Танзила Норбоева Илҳом Неъматовга саволлар билан мурожаат қилди.

«Барчамиз гувоҳ бўляпмиз, жуда кўп фуқароларимиз ишлаш учун четга чиқиб кетяпти. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги орқали рўйхатдан ўтиб, чиқиб кетадиганлар жуда озчиликни ташкил қилади. Жуда кўп фуқароларимиз ўзи, ўз хоҳиши билан, кимдир чақиради, ўзича кетаверади. На касб, на ўқувсиз. Турар жойи ҳам аниқ эмас. Натижада турли муаммоларга дуч келишяпти: одам савдоси қурбони бўлиш, ижтимоий ҳимоясиз бўлиб қолиш, турли оқимларга кириб қолиш ва ҳ.к.
Бу борасида Вазирлар Маҳкамасидаги агентлик, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорликда таклиф киритсангиз бўлмайдими? Ўз ҳолича чиқиб кетаётган фуқароларимизни четда ким ҳимоя қилади?» – деб сўради Танзила Норбоева.
Саволга жавобан ТИВ ўринбосари миграция масаласида Россия билан 2та ҳужжат имзоланиши режалаштирилаётганини айтди.
«Миграция масалалари билан 2 йилдан буён шуғулланяпмиз. Олдин [Ташқи ишлар вазирлиги] миграция масалалари билан шуғулланмаган. Бугунги кунда Жанубий Корея, Россия ва Қозоғистон билан имзоланган ҳужжатлар бор. Бошқа давлатлар билан йўқ.
Россия билан яна 2та ҳужжатни ишлаб чиқяпмиз, келажакда бўладиган ташрифда унинг имзоланишини режалаштиряпмиз. У имзоланса, мигрантлар учун қулай шароитлар яратилади», – деди Неъматов.

Унинг аниқлик киритишича, битимлар мигрантларни ҳимоялаш ва иш жойлари каби масалаларни назарда тутади.
«Бугунги кунда Россия, Қозоғистон, МДҲ давлатларига визасиз чиқиш [тартиби] бор. Чиқиб кетаётганида Ташқи ишлар вазирлигига ахборот бермайди. Консулхона, элчихоналарга бориб, рўйхатдан ўтиб, ҳисобга турган бўлса, биз уни ҳисобга оламиз.
Ҳозирги кунда мана шуни инобатга олиб, Россиянинг ўзида 5та қўшимча консуллик ваколатхонаси Екатеринбург, Санкт-Петербург, Ростов, Қозон, Владивосток шаҳарларида очилди.
Миграция фақат Россия, Қозоғистон, Кореяга эмас. Бутун дунёда ўзбеклар бор. Ўзбекистоннинг 57та давлатда элчихона, консулликлари бор. Ана шу давлатларда консулликка келиб, ҳисобга турмаганларни ҳам бориб биляпмиз. Сайлов доирасида шундай қилдик», – деди Илҳом Неъматов.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи шу йилнинг февраль ойида амалга ошиши кутилган, аммо аввалроқ Неъматов ташриф 2020 йил июнь ойининг иккинчи ярмида бўлиб ўтишини маълум қилган эди.
2019 йил октябрида Тошкентга келган РФ Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон етакчисининг Москвага ташрифи ҳақида гапираркан, унинг доирасида камида 12та янги келишув имзоланиши кутилаётганини айтган эди.
- Россияда ўзбек мигрантлари дуч келаётган асосий муаммолар қайси? – миграция бўйича юрист билан суҳбат
- «Мигрантни туҳмат билан қамаб юбориш осон» – юрист Россия ҳуқуқ тизими ва муҳожирлар ҳақида
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026