Жамият | 19:16 / 02.03.2020
70563
3 дақиқада ўқилади

Миришкор ҳокими маҳалла раисларини сўкди, вилоят ҳокимлиги ва бош прокуратура муносабат билдирди

Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов уятли сўзлар билан қўл остидаги ҳамда йиғилишда иштирок этган шахсларни ҳақорат қилгани Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан тасдиқланди. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам ушбу хабар бўйича баёнот берди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов қўл остидагиларни жуда қўпол сўзлар билан ҳақоратлагани аудиоёзуви тарқалди.

Маълум бўлишича, ҳоким 28 февраль кунги йиғилишда маҳаллалар раисларини сўкиб ҳақоратлаган. 

Аудиоёзувда ҳоким йиғилиш иштирокчиларини пул тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун турли сўзлар билан ҳақоратлагани ва сўккани, шунингдек, баъзиларни ургани эшитилади.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Аудиода турли уятли сўзлар билан йиғилганларни «сийлаган» [шахс] туман ҳокими [Бахтиёр Ражабов] эканлиги аниқ, инкор этиш фикридан йироқмиз. Бу борада ички тартибда чора кўриш билан чекланиш ҳам мумкин эди.

Аммо, қонуний равишда чора кўрилиши, «Нега оддий халқ хато қилса — жазо ёки жарима, ҳоким хато қилса — кечиришми?» каби табақалаштирувчи гап-сўзлар келиб чиқмаслиги тарафдоримиз.

Тегишли ташкилотлар томонидан ўрганишлар якунланиши билан ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни эълон қиламиз», — дейилади Қашқадарё вилоят ҳокимлиги расмий муносабатида.

Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати ҳам мазкур ҳодиса бўйича муносабат билдирди.

«Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари томонидан Интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда 2020 йил, 2 март куни Миришкор тумани ҳокими Б.Ражабовга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. 

Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади», дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Бахтиёр Эштемирович Ражабов 2018 йилгача Қашқадарё вилоятининг Косон туманига раҳбарлик қилган, 2018 йилнинг декабрида ишдан олинган, аммо 2019 йилнинг мартида у Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган, кўп ўтмай вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарига айланган, аммо 2019 йил октябрида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ишдан кетгач, унинг ўринбосарлари қаторида Бахтиёр Жўраев ҳам лавозимидан озод этилган ва Миришкор тумани ҳокими лавозимига тайинланганди. Ўшанда Бахтиёр Ражабовга ва Хуррам Жўраевга Ўзбекистон президенти «сўнгги имкон» бераётгани таъкидланганди.

Эслатиб ўтамиз, Миришкор туманининг аввалги ҳокими Равшан Комилов маккажўхори сўталарини юлган бобони неваралари олдида изза қилиб, ҳақоратлагани интернетда тарқалгач, гарчи у узр сўраган бўлса-да, кўп ўтмасдан вазифасидан озод этилган эди.

Мавзуга оид