Жаҳон | 10:25 / 15.03.2020
8648
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Исроилда 10 кишидан кўп бўлиб тўпланиш тақиқланди

Исроил бош вазири коронавирус эпидемиясига қарши кураш бўйича қатъий чоралар киритилишини эълон қилди. Жумладан, 10 кишидан кўп бўлиб тўпланиш тақиқланди. 

Фото: REUTERS /Thomson

Исроил ОАВ маълумотларига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху камида 5 ҳафтага кафе, бар, кўнгилочар марказлар ёпилишини эълон қилди. Шу билан бирга, дорихоналар, супермаркетлар ва АЁҚШлар ишлашда давом этади.

Янги чекловлар 15 мартдан жорий қилинади.

"Биз кўринмас душманга қарши урушмоқдамиз. Ғалаба ҳар бирингиз кўрадиган қадамга боғлиқ. Биз вирус юқтирмаслик ва унга чалинмаслик учун барча ишни қилишимиз лозим”, деб айтган Нетаньяху.

“Бизда етарли миқдорда озиқ-овқат бор. Супермаркетлар ишлашда давом этади, озиқ-овқат билан муаммолар бўлмайди”, деб қўшимча қилган Исроил бош вазири.

У фуқаролардан имкони борича уйдан чиқмасликни, чиқишса ҳам бир-бирларидан камида 2 метр масофа сақлашни илтимос қилган.

Бундан ташқари, бош вазир 10 кишидан кўпроқ бўлиб тўпланишни тақиқлаган.  

Бу орада бундай чоралар эълон қилиниши аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқариб, натижада 14 март кечки пайт супермаркетлар олдида озиқ-овқат ғамлаб қўйишни истовчилардан иборат турнақатор навбатлар юзага келган.

Аввалроқ Исроилда мактаблар ва олий таълим муассасалари ёпилиши эълон қилинганди. 12 мартдан Исроилга келувчи барча учун 14 кунлик карантин киритилган.

Охирги маълумотларга кўра, Исроилда коронавирусга чалинганлар сони 195 нафарга етган.

Мавзуга оид