Ўзбекистон | 22:27 / 24.03.2020
124388
2 дақиқада ўқилади

Манба: Бензин нархи арзонлашиши кутилмоқда

Ўзбекистонда бензин нархи арзонлаши кутиляпти. Бу маълумотни Kun.uz мухбири суҳбатлашган бир нечта манба тасдиқлади.

Ҳозирча ёқилғи нархи неча сўмга арзонлаши маълум эмас. Манбалардан бири тахминан 300 сўмгача арзонлаши мумкинлигини билдирган, аммо бу ҳали аниқ эмас. Нарх қанчага арзонлаши биржа савдолари натижасига боғлиқ бўлиб турибди.

Бензин нархидаги ўзгаришлар эртага расман эълон қилиниши кутилмоқда. Дизель ва бошқа турдаги ёқилғилар нархида ўзгариш бўлиш-бўлмаслиги маълум эмас.

Маълумот учун, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида республикада автомобиль бензини ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли кўпайган: 2019 йилнинг шу даврида 151,6 минг тонна, 2020 йилда эса 190,3 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш ҳажмида ҳам ўсиш кузатилган: 2019 йилнинг дастлабки икки ойида 169,8 минг тонна дизель ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 195,9 минг тоннани ташкил этган.

«Ўзбекнефтгаз» 1 мартдан бошлаб ўз АЁҚШларидаги дизель ёқилғисининг нархини 7500 сўмдан 7300 сўмга арзонлаштирган.

Аввалроқ карантин туфайли АЁҚШлар ёпилиши ҳақида тарқалган гап-сўзларни бирданига бир нечта ташкилот – Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги рад этиб чиққан эди.

Мавзуга оид