«Оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни дунёда нималар бўлаётгани ва Ўзбекистонда қандай чоралар кўрилаётганини билиб турибсизлар. Шунга қарамасдан мен яна бир марта халқимизга мурожаат қилмоқчиман. Чунки вазиятни қўлдан бой берсак, жиловламасак, қаттиққўл бўлмасак, вазият кескинлашиб бораверади. 

Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда, ҳаммамиз бунга гувоҳ бўлиб турибмиз. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти. Махсус комиссиямиз 24 соатлик иш режимига ўтган.

Мана шундай оғир пайтда дунёқарашимизни ўзгартириб, авваламбор ўзимиз намуна бўлишимиз керак. Вазият бундан ҳам мураккаблашиши мумкин. Мана шунга тайёргарлик қилишимиз керак. Ҳаммамиз.

Дунёни кўряпсизлар, салгина жилов қўйиб юборилган жойларда қандай оқибатлар бўлмоқда. Мисли кўрилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Менинг кўчамда, менинг маҳалламда, менинг туманимда, бизнинг вилоятимизда йўқ дейдиганлар хато қилади. Буни учинчи марта қайтаряпман.

Юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони 221тага етди. Минг афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, беморлардан 2 нафари вафот этди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур таъзия билдириб, сабр-тоқат ва бардамлик тилайман.

Албатта йўқотиш осон эмас. Биз ҳамма чораларни кўряпмиз. Бугун бошқа чоралар ҳам кўрдик. Кореядан мутахассислар келди. Эрта-индин Хитойдан мутахассислар келяпти. Германиядан, Россиядан энг зўр мутахассисларни олиб келамиз. Нега десангиз, иложи борича ўлим бўлмаслиги керак. Дунёда қайси давлатда қандай дори воситалари, қандай мутахассислар борлигини инобатга олиб, барча чораларни кўриш керак.

Нега халқимизга бу гапларни айтяпман? Кечқурун Чирчиқдан оғир аҳволдаги беморни олиб келишди. Биласизларми, беш-олти кун жуда юқори ҳарорат билан уйида ётган.

Ҳолбуки ойнайи жаҳонда 24 соат давомида одамларимизга огоҳ бўлайлик, маданиятли бўлайлик, ўзимизга, бола-чақамизга эътиборли бўлайлик деяпмиз. Йўқ. Беш-олти кун ётган, оиласи бор, фарзанди бор, набираси бор, уйида ётган. Доктор чақирса бўлмайдими?

Шунинг учун, азиз ҳамюртларим. Яна бир марта сизларга катта илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Ўзларингни сақланглар, ўзларингга эътибор беринглар. Фарзандларингни, қўшниларингни, оилаларингни, ота-оналарингни ўйланглар. Агар ўзларингга эътибор бермасаларинг, огоҳ бўлиб, тиббиёт ходимларининг айтганларини қилмасаларинг, қаттиққўллик, интизом, тартиб бўлмаса, бу касалликни осонлик билан енга олмаймиз.