Жамият | 21:17 / 11.04.2020
15224
3 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги ўзини оқламаган «эксперимент» қисман бекор бўлди. Табиий газ масаласи эса очиқ қолмоқда

Юнусобод тумани аҳолисига электр энергиясидан фойдаланиш учун белгиланган лимит бекор қилинди. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги маълум қилди. Мазкур масала юзасидан Kun.uz сайтида қатор танқидий мақолалар эълон қилинган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 ноябрдаги 897-сонли қарори билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Юнусобод тумани аҳолиси фойдаланилган табиий газ ва электр энергиясининг лимитдан ошган қисми учун белгиланган тарифга нисбатан 1,2 барабар ҳақ тўлаш тартиби жорий этилган эди.

Ҳукуматнинг 2019 йил 30 июлдаги 633-сонли қарори билан Юнусобод туманида қўлланилган бу амалиёт натижалари ижобий деб топилганди. Ушбу қарор билан тегишли вазирликларга табиий газ ва электр энергияси истеъмолининг базавий нормаларини қўллаш механизмлари ва миқдорлари тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.

Бироқ, ҳукуматнинг мазкур қарори ижросиз қолиб, бунинг оқибатида юнусободликлар жабр кўраётгани айтилган эди

Шу йилнинг 11 апрел куни Энергетика вазирлиги расмий баёнот берди.

“Шу йилнинг март ойида Энергетика вазирлиги карантин билан боғлиқ бўлган, ва бунда аҳоли асосан вақтини уйида ўтказишини ҳисобга олган ҳолда Молия вазирлигига ушбу тажрибани бекор қилиш ҳақидаги мурожаатини йўллаган эди. Бу барча абонентларга ҳозирги пайтда электр энергияси учун ҳақ тўлашда тенг шароитда бўлиш имкониятини яратади.

Молия вазирлигидан 2020 йил 25 мартда олинган жавобга мувофиқ, пойтхатнинг Юнусобод туманида электр энергияси истеъмолининг базавий меъёрини юритиш бекор қилинди” дейилади вазирликнинг ахборотида.

Аммо, шу билан муаммо тўлалигича ўз ечимини топди, деб айтиб бўлмайди. Чунки вазирлик баёнотида фақат электр энергияси учун белгиланган чекловлар бекор қилингани маълум қилинди.

Ваҳоланки ҳукумат қарори билан табиий газнинг базавий нормасига ҳам лимит белгиланган бўлиб, вазирлик ахборотида юнусободликларнинг табиий газдан фойдаланишига оид чеклов бекор бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилмаган.

Бу ҳақида Энергетика вазирлигининг қўшимча ахборотини кутиб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид