Ўтган йил декабрь ойида президент жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш ҳақида кўрсатма берган эди. Аниқроқ қилиб айтганда – манфаатдор шахсларга прокурор, суриштирувчи ёки терговчининг қарорлари устидан бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш ҳақида. Олий судга Бош прокуратура, ДХХ, ИИВ ва Адлия вазирлиги билан биргаликда тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган эди.
 
Norma’нинг ёзишича, улар бунинг устида ишлаб, ЖПКга киритиладиган тузатишлар пакетини муҳокамага қўйдилар. Қонун лойиҳаси муаллифлари қарорлар кесимида манфаатдор шахслар доирасини белгиладилар:

тафтиш ўтказиш тўғрисида – гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси, текширилаётган субъектнинг ваколатли мансабдор шахси ёки вакили;

жиноят ишини қўзғатиш тўғрисида – ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилган шахс, айбланувчи, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили;

жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида – жиноят содир этилганлиги тўғрисида хабар юборган фуқаро, корхонанинг, муассасанинг, ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг вакили ёки мансабдор шахс;

жиноят иши бўйича суриштирувни, дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисида – гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари;

жиноят ишини тугатиш тўғрисида – гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, ўз хабарига кўра иш қўзғатилган корхона, муассаса, ташкилот вакили ёхуд фуқаро. 
 
Кўрсатилган субъектлар айтиб ўтилган қарорларнинг кўчирма нусхаларини оладилар, уларда бошқа маълумотлар қатори улар устидан шикоят қилиш тартиби қайд этилади. Бунда жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги ва қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорларнинг кўчирма нусхалари манфаатдор шахсларга 3 кунлик муддатда тақдим этилиши ёки электрон шаклда юборилиши керак.
 
Тафтиш ўтказиш тўғрисидаги, жиноят ишини қўзғатиш ҳақидаги, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан унинг кўчирма нусхаси олинган кундан эътиборан 10 кун ичида шикоят берилиши мумкин. Жиноят иши бўйича суриштирувни, дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисидаги, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор устидан эса у чиқарилган кундан эътиборан бир йил ичида шикоят қилиниши мумкин.