Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Унга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланиб, кибержиноятларга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини мувофиқлаштириш, профилактика ишларини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларни фош этиш ҳамда ваколатли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш бўйича аниқ ваколатларга эга бўлади.
Шунингдек, банклар, тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари ва интернет-провайдерларининг масъулияти ҳам кучайтирилмоқда.
Улар шубҳали операцияларни ўз вақтида аниқлаш, киберхавфлар ҳақида ваколатли органларга зудлик билан ахборот тақдим этиш, рақамли далилларни сақлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча мажбуриятларни бажаради.
Қонун лойиҳасида молиявий пирамида кўринишидаги фирибгарликларни барвақт аниқлаш, уларнинг тарқалишининг олдини олиш, аҳолини кибертаҳдидлар ҳақида тезкор огоҳлантириш, жамиятда кибермаданият ва кибергигиена кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилувчи ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланмоқда.











