«Бир ойдан ортиқ давом этаётган карантин шароити барчага, энг аввало давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари учун синов ва тажриба бўлмоқда. Пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига, тадбиркорлар фаолиятига ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, аниқ вазифалар белгилаб борилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
22 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқларини барқарор ишлатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари Самарқанд ва Наманган вилоятлари мисолида муҳокама қилинган эди. Бу галги йиғилишда Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида шу борада амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Фарғонада 120 нафар, Қашқадарёда 6 нафар фуқаро коронавирус билан касалланган.
Карантин даврида Фарғонада 10 минг, Қашқадарёда 11 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари кескин камайган. Бунинг оқибатида айни пайтда ишсизлар сони ошган. Ундан ташқари, Фарғонада 56 мингта, Қашқадарёда 91 мингта эҳтиёжманд оила мавжуд.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ушбу вилоятлар ҳокимларига касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган туман ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш топшириғи берилди.
Жорий йилда қурилиш ва реконструкция ишлари учун Фарғонадаги 130та объектга 632 миллиард сўм, Қашқадарёдаги 132та объектга 536 миллиард сўм ажратилган. Лекин биринчи чоракда маблағларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш режадагидан анча ортда қолган.
Президент аҳоли бандлигини таъминлаш учун қурилишларни давом эттиришга рухсат берилганини инобатга олиб, мазкур икки вилоятдаги объектларда белгиланган ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш – энг долзарб масала. Бу борадаги катта резервлардан бири эса боғ ва токзорлар қатор ораларидир.
Фарғона вилоятида 34 минг гектар, Қашқадарёда 22 минг гектардан ортиқ майдонларда боғ ва токзорлар бор. Лекин ҳар йили фақат 20 фоиз қатор ораларига экин экилади, холос.
Шундан келиб чиқиб, ушбу вилоятлар ҳокимларига мавжуд боғ ва токзорлар қатор ораларига тўлиқ экин экилишини ташкил қилиш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.















