Ўзбекистон | 19:33 / 06.05.2020
44830
15 дақиқада ўқилади

«Ҳатто ейишга нонимиз йўқ бўлиб қолди» – Туркияда пандемия сабабли кўчада қолиб кетган ўзбекистонликлар

Kun.uz авиақатновлар тикланмаётганлиги сабабли Туркиядан Ўзбекистонга қайтолмаётган бир гуруҳ юртдошларимиз билан масофадан туриб суҳбатлашди.

Нигина Икромова:

– Туркиянинг Истанбул шаҳрида турамиз. Пандемия ҳаётимизни, режаларимизни буткул издан чиқариб юборди. Хўжайиним чой ишида ишларди. Мен магазинда ишлардим. Ҳомиладор бўлиб қолганлигим сабабли кўп ишлолмадим. Ҳозирги кунда иккаламиз ҳам ишсизмиз. Хўжайинимнинг ишлари ёпилганига икки ой бўлади. Ижарада турдик. Жуда қийналдик. Бир ярим ой давомида ижарада туриб, пулларимиз тугаб қолганлиги учун уй эгаси бизни чиқариб юборди. Туришимиз учун паспортимизни унга бериб қўйишимизни талаб қилди. Паспорт беришни хоҳламай чиқиб кетдик у ердан.

Мен ҳомиладор ҳолимда кўчада қолдик. Биримиз икки бўлсин деб ишлашга келиб шунча кўргиликларни кўрдим. Шундай пайтда битта опа ёрдам бераман, деб чақирдилар. Уларнинг уйига бордик. У ҳам хўжайини билан турарди. Улар ҳам пандемия сабабли қийналиб қолишди. Шундан сўнг улар ҳам уйларини топширишга мажбур бўлишди.

Иккинчи марта кўчада қолиб кетдик. Ҳатто ейишга нонимиз йўқ бўлиб қолди. Бир сўм пулимиз йўқ эди ўша пайтлари. Шундан сўнг телеграмда ташкил этилган ватандошлар гуруҳидагилардан Туркияда қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликларга элчихона ёрдам бераётганини эшитдик. Мурожаат қилганимиздан кейин маҳсулотлар келтириб беришди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг ичида ун бор экан. Мен касал ётибман, қон босимим ошиб кетган. Хўжайиним хамир қоришни билмайдилар. Бир амаллаб нон қилдилар, уни ҳам еб бўлмади.  

Бағрикенг халқимизга, саховатпеша юртдошларимизга раҳмат, кўчада қолган пайтимиз ётоқ-жой билан таъминлади. Меҳмонхонага жойлаб қўйишди. Шифокорларга олиб бориб қаратишди.

Ишонасизми, ҳатто шифохонага тобим қочиб борганимда ҳолатимни кўра-била туриб умуман қабул қилишмади. Тиббий суғуртам бўлмагани, шифокор кўригидан ўтишга пулим бўлмагани учун шифохонадан чиқариб юборишди. Қон босимим кўтарилган ҳолимда ортимга қайтдим. Шифокорлар кўригидан ўтолмаганимдан кейин жуда қийналиб қолдим. Хўжайиним бир оз пул топгач, бир марта шифокор кўригида бўлдик холос. Олти ой ҳомиладор ҳолимда қийналиб юрдим. Ҳаттоки поликлиникалар қабул қилмади. Меҳмонхонага жойлаган яхши инсонлар ўзлари пул тўлаб мени дўхтирларга қаратишди.

Бу ерга келмасимдан олдин ҳам Ўзбекистонда ордер орқали даволаниб юрган эдим. Ўпкамнинг мазаси йўқ. Эхинококк бўлганман. Туркиядаги врачлар кўзим ёришига узоғи билан бир ой қолганини айтишди. Кетмасангиз, бу ерда намлик кучли, ҳавосини ҳам кўтара олмаяпсиз, шунинг учун қон босими ўта кучли бўляпти, дейишяпти. Бунинг натижасида оғриқ ҳам кучли, дейишяпти. Шу сабабли уйимизга қайтишимиз керак экан. Ўпкам бу намликни кўтара олмаётган экан.

Ҳозирги ҳолатимда мен учун энг яхши ечим, энг яхши йўл – чартер рейслар қўйилиши ва Ўзбекистонга қайтишимдир. Шифокор ҳам 15 кун муҳлат берди. “15-20 кун ичида чиқиб кетолсангиз, кетоласиз. Ундан кейин учишга рухсат беролмайман”, деди мени кўрикдан ўтказган шифокор.

Анвар Марибжанов:

Туркияга келганимга икки йил бўлди. Ҳозирги вақтда коронавирус сабабли Туркияда ҳам жуда кўп киши ишсиз бўлиб қолди. Биз ҳам ишсиз қолдик. Ҳозир қўлимизда маблағ йўқ. Яшаш учун жой, озиқ-овқатдан қийналяпмиз.

Ишимни йўқотганимдан кейин ижара турган уйимда бир ойгача текин яшадик. Чунки ижарачи қийинчиликларни инобатга олиб бир ойча туриб туришимизга рухсат берди. Кейин барибир тўлов имконияти бўлмаганлиги учун у ердан чиқиб кетдик. Барака топишсин, ўзимизнинг ўзбеклар қўлларидан келганча ёрдам беришяпти.

Ҳозирги пайтда Истанбулга яқин кичикроқ бир шаҳарчада вақтинча яшаб турибмиз. Ватандошларимиз ҳолатимизни тушунган ҳолда, бир ой яшаб туришимиз учун битта кичикроқ хоналарини беришди. Мана шу хонадонда ҳозир бир ой яшаш имконимиз бор. Бир ойдан кейин яна тўловларни қилишимиз керак. Ё чартер рейс тезроқ қўйилиши керак ёки давлатимиз томонидан маблағ билан ёрдам берилмаса, ҳозирги шароитимиз ҳам бўлмай қолади. Жудаям қийин аҳволда қоламиз. Бизга ўхшаганлар жудаям кўп.

Youtube орқали кўряпмиз. Ўзбекистонда энди-энди карантин чекловлари юмшатилмоқда. Изоляция қилиш Ўзбекистонда жудаям яхши олиб бориляпти. Ўзбекистондагиларни кўриб турибмиз, юзида ниқоб, қўлларида махсус резина қўлқоп.

Туркияда ундай эмас. Биз ҳам иложимиз борича, ўзимизни ўзимиз изоляция қилишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин мана айни пайтда ҳозир кўчага чиқсангиз, ёш-ёш қизлар, болалар, ёши катталар, ким бўлишидан қатъи назар, хоҳласа ниқобда, хоҳламаса ниқобсиз, бемалол юришибди. Шунинг ҳисобига ҳам Туркияда касалланганлар сони 124 мингдан ошиб кетди. Бу ерда шароит жудаям қийин.

Карантин чоралари етарли даражада бўлмаётгани, одамлар яккаланмаётгани, бошқа юртдан келган муҳожирлар тиббий суғуртага эга бўлмаганлиги учун тиббий ёрдамдан маҳрумлиги оқибатида касаллик кенг тарқаляпти. Жумладан, мен ҳам коронавирусга чалинган эр-хотин касалликка чалинганлигини била туриб, бошқалар билан кўришиб юргани оқибатида шу вирусни юқтириб олдим. Мендан хотинимга ҳам юқди.

Биз ҳам юқтирганимизни секин-секин билдик. Бош оғриқ, иситма секин-секин бўлиб келди. Кейин қаторасига 5-6 кун иситмамиз тушмади. Жудаям қийин шароитда қолдик. Ўша вақтда тез ёрдамга қўнғироқ қилдик. Келди. Олиб кетишди. Биринчисида бизга яқин жойдаги кичикроқ шифохонага олиб боришди. У ерда фақатгина томография қилдиришди. Томография вирус агар одамнинг ичига тушган бўлса, ўпкани парчалай бошладими-йўқми, шуни кўрсатиб бериши мумкин экан.

Томографиядан кейин бизга учта дорининг номи ёзилган қоғозни беришди. Шу дориларни ичяпмиз. Уларнинг ичида биттагина “парол” деган дори иситмани тушириб турди. Барибир аҳволимимиз яхшиланмади. Кейин яна бир марта телефон қилдик. Кейингисида бошқа касалхонага олиб боришди. Муҳожир бўлганимиз сабабли тест учун ҳар биримиз 200 лирадан тўлашимиз керак экан. Бунча пулимиз бўлмаганлигимиз учун тест қилдира олмадик. Уларни эса бизда вирус борми-йўқми, қизиқтирмади ҳам.

Шундан кейин ҳам яхши бўлмагандан сўнг, иложи борича, витамин олдик, секин-секин организмнинг ўзи курашди. Ўзимизни ўзимиз битта хонадан чиқмаган ҳолда изоляция қилдик.

Эр-хотин иккимизнинг ҳам иммунитетимиз кучли экан, Худога шукр, касалликни енга олдик. Ҳозир ўзимизни тетик ҳис қиляпмиз. Касаллик аломатлари кузатилмаяпти. Аҳволимиз анча яхши.

Чартер рейслар яқин орада қўйилмаса кўчада қоламиз, чунки ҳозир турган жойимизда бир ой яшашга рухсат беришган. Қўлимизда ҳозир деярли ҳеч қандай маблағ йўқ. Еб-ичишимиз учун атиги 200-300 лира пулимиз бор. Мен ҳозир шу ҳолатимда ҳам кўчага чиқиб пул топишга мажбурман. Топмасам бўлмайди.

Шерхон Орзимуродов:

Мен оилавий шароит сабабли Туркияга 2016 йилда келганман. Оиламизни боқаман, деб. Мана тўрт йилдан бери юртга боролганим йўқ.

Бу ерда ресторанда ишлардим. Пандемия сабабли ёпилиб қолди. Қарийб икки ойдан бери ишсизмиз. Ўзим билан ишлайдиган йигитлар бор эди. Уларда ҳам шароит меникидай. Aллоҳ рози бўлсин, шу ишлаб турган жойимиздаги бошлиғимиз қарашиб турибди.

Ижарахонанинг эгаси биздан умидни узиб бўлган. Чунки шароит маълум. Мен билетларни олиб, 6 апрелга ҳаммасини тахт қилиб қўйгандим. Маблағни ҳам ўшанга қараб тақсимлагандим. Яқинларга у-бу нарсалар олганмиз. Хуллас, маблағнинг ҳаммасини ишлатиб бўлгандик. Авиачиптани бир ой олдин, 10 мартда олгандим. 16 мартдан авиақатновлар тўхтаб қолди. Шу сабабли бир ойдан буён чартер рейсдан умид қилиб ўтирибмиз. Чартер рейслар келса, қўлимизда билетимиз бор, ўша орқали кетиб олсак деган, умиддамиз.  

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасига 2016 йилдан бери ишим тушмаганди. Охирги икки ойдан бери ишим тушди. Олдинлари одамлар айтишса, унчалик эътибор бермасдим. Чиндан ҳам элчихонага телефон қилиб, ҳеч кимдан аниқ жавоб олиб бўлмас экан. Чартер рейслар қачон қўйилиши, авиачипталар қачон сотила бошлаши ҳақида телефон қилсангиз, авиакомпаниянинг телефон номерини бериб, ҳаммасини улар билан гаплашинг дейди. Умуман аниқ жавоб беришмайди.

Ахир улар элчихона, бизларни эшитадиган ягона ташкилот. Авиакомпанияга ҳам, ишонасизми, бир кунда юз марталаб телефон қилдик. Лекин бир марта ҳам гўшакни кўтаришмади. Тўғри, уларга ҳам кўплаб қўнғироқлар бўлади, лекин юз мартадан ҳеч бўлмаса бир марта кўтариши керак-ку.

Ғуломжон Ёқубов:

– Туркияга 2016 йили турмуш ўртоғим билан бирга келганман. Биз ҳам яқинда қайтмоқчи эдик. Олдиндан билетлар олдик, чунки тўрт йилдан бери шу ердамиз. Ўзим оилада битта ўғилман. Мамлакатда қарзимиз бор эди, уй олгандик. 1 апрелга билетимиз бор эди. Билетнинг вақтига қўшилиб шу касаллик ҳам келди. Икки ойдан бери ишлаганимиз ҳам йўқ эди. Уйга кетамиз деб ишдан бўшаб олгандик. Аёлим ёши катта бир кампирга қарар эди, мен қурилишда ишлардим. Ҳозир ишлай десак иш йўқ. Уйдагилар ҳам бу хабарларни эшитишган, дадам ҳам кўп ўйланиб, қон босими билан касалхонага тушган. Шунинг учун юртбошимиздан чартер рейсларини қўйишини илтимос қиламиз. 

Нилуфар Йўлдошева:

– Тўғрисини айтсам, карантин 10 майгача дейилди, шунинг учун ўн кунга танишларимизникида яшаб юрибмиз. Пулимиз ҳам бир ҳафта ўн-кунларга етади. Чартер рейсни ҳам анча кутиб қолдик. Ҳозирги яшаётган жойимиз эгаларига ҳам осон эмас. Таниш бўлганликлари учун рози бўлишди. Яна бир ҳафта яшашимиз мумкин. Қарздан қутулайлик деб, тўрт йилдан бери шу ерда юрибмиз. Касаллик тарқалиши бошланиши билан бу ерда ишлар тўхтаган. Тезроқ уйга кетсак дейман.

Худога шукр, бизга касаллик юқмади. Чунки карантин бошланиши билан ишларимиз тўхтади. Шу кундан бери кўчага чиқмадик.

Олимжон Қосимов:

– Мен Telegram мессенжеридаги “Istanbul 2020” гуруҳи администраториман. Бу гуруҳда Туркияда қолиб кетган юртдошларимиз жамланишган. Ўзим ўтган йили октябрь ойида лойиҳа бўйича тўрт ой муддатга келганман. Ҳозир бу муддат якунланди, лекин уйга қайтишга улгурмай қолдим. Бу ерда оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз жуда ҳам кўп. Бири ҳомиладор, бирининг пули қолмаган, ачинарлиси, квартирадан чиқариб юборган ҳолатларни ҳам кўрдим. Гуруҳ администратори бўлганлигим учун менга кўп мурожаат қилишади.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги элчихонаси қўлдан келганча озиқ-овқат томондан ёрдам бериб турибди. Лекин барчага етказиш жуда ҳам қийин. Бу ёрдамлар ҳам маълум муддатга етади, кўп вақтга етмайди. Бундан ташқари, Туркиядаги имконияти бор қолган юртдошларимиз ҳам бир-бирларига ёрдам беришяпти. Аммо ҳозирга келиб ўша ёрдам бераётганларнинг ўзлари ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб қоляпти. Масалан, ҳозирда бир ойга етадиган маблағим бор. Мен ҳам бир ойдан кейин ёрдамга муҳтож бўлиб қолишим эҳтимоли жуда ҳам катта. Яна бир гапни айтишим мумкинки, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида, масалан Facebook ижтимоий тармоғида чет давлатда қолиб кетган юртдошларимиз уйга қайта олмаётганлигини, қайтиши кераклигини айтяпти. Аммо Ўзбекистондаги айрим юртдошларимиз бизга ҳам вирус олиб келасан деб, уларнинг қайтишини хоҳлашмаяпти. Юртдошларимиз бир томонини тушунишмаяптики, четдан олиб келинган фуқаролар алоҳида карантинга олинади, даволанади. Четдаги юртдошларимиз ҳам ватанни, уйини, оиласини соғинишади. Чет давлатга кетаётганлар ҳам мажбурликдан кетишади. Кимдир оиласини боқиши учун, кимдур қарзини қайтариш учун… 

Мирзоулуғбек Мирзараҳматов:

– Ҳозирги пайтда элчихонанинг маълумотига кўра, Туркияда уйига қайтишни истаган 8 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари бор. Хусусан, бизнинг гуруҳда 650 нафар ўзбеклар бор. Шулардан 600 нафардан ортиғи моддий томонлама жуда қийналган. 

Мен уч ой муддатга қариндошларнинг олдига келгандим. Афсуски, пандемия сабаб қолиб кетдим. Ҳозирги пайтда гуруҳимизга жуда кўп мурожаатлар тушади. Буларнинг кўпчилиги даволанишга келган беморлар. Баъзи ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли ҳозир касалхоналарга ҳам бора олишмаяпти.

Масалан, биттаси ҳомиладор аёл. Маблағи ҳам қолмаган. Қўлимиздан келганча ёрдам қилдик. Лекин бу пул айрим дориларга ва текширувга кетди.  

Бундан ташқари ҳам оғир ахволдаги фуқароларимиз жуда кўп. Чартер рейс қўйилгунга қадар аҳволи баттар бўлиши мумкин. Айниқса, апрель ойи оғир келди. Кўпчилигининг яшашга жойи ҳам йўқ.  

Вақт ўтган сари қийналган, кўчада қолган ўзбеклар сони ортиб боряпти. Ҳозир хайриялар сони ҳам қисқариб боряпти. Чунки пул бераётганларнинг ҳам ўзларига пул керак бўлиб қолмоқда. Чартер рейс қўйилган тақдирда ҳам, қийналган, пули йўқ ва беморларни олиб кетиши керак.

Олимжон Қосимов:

– Интернет тармоқларида Бухородаги, Сардобадаги фалокатларни кўриб турибмиз. Ҳозир барча эътибор шу томонларга қаратилган. Албатта, буни ҳам тўғри тушуниб турибмиз. Биз ҳам улар билан бирга эканлигимизни эслатиб ўтардик.

Ҳозир юртдошларимиз Сардобага, Бухорога жуда катта ёрдам беришяпти. Биз ҳам мана шундай бир-бирларимизга ёрдам беряпмиз. Лекин бизда ресурс кам. Шунинг учун ҳаммага етказа олмаяпмиз. Бизларни ҳам эътиборга олишларини илтимос қилар эдик.

Ҳукуматимиздан илтимос қилиб қолар эдикки, чартер рейсларини эртароқ қўйиб, биринчи навбатда ҳомиладор, ёши катта, ёрдамга муҳтож фуқароларимизни олиб кетишса. Улар ҳам ёрдам ва эътиборга муҳтож. Биз Республика махсус комиссиясидан, Ташқи ишлар вазирлигидан Туркиядаги фуқароларимизга ҳам чартер рейслар қўйиб берилишини илтимос қилиб қолардик.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид