Жамият | 15:55 / 04.06.2020
108840
2 дақиқада ўқилади

30 кишилик тўйга кимларни таклиф қилиш мумкин?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева рухсат берилган 30 кишилик тўйларни ўтказишда қандай талабларга амал қилиш лозимлиги бўйича маълумотлар берди.

– Махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 1 июндан бошлаб "яшил" ҳудудларда бир қатор фаолият турлари қаторида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Бунда тантана ва маросимлар фақатгина фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказилиши мажбурийдир. 

30 кишилик таркибга биринчи навбатда, оилавий тантана ва тўй эгалари, маърака ва маросим ташкил этувчилар, уларнинг яқин қариндошлари, қўни-қўшниларнинг кам сонли вакиллари киритилади. Шунингдек, оилавий тантана ва тўй эгаларининг истакларига кўра, иштирокчилар сонидаги чеклов доирасида хонанда ва бошқа хизматларни бажарувчи ходим қатнашиши мумкин.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда қуйидагиларга қатъий амал қилиш талаб этилади:

  •  Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фақат махсус комиссия томонидан белгиланган “яшил” тоифадаги ҳудудларда ўтказиш (дафн маросимлари бундан мустасно);
  •  “Яшил” тоифадаги ҳудудларда ўтказиладиган оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларда иштирокчи этувчилар сонини 30 кишидан оширмаслик;
  •  Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш.

Карантин даврида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишнинг белгиланган талабларига риоя қилмаган фуқаролар ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади, – деди С. Боймирзаева АОКАда ўтказилган брифинг чоғида.

Мавзуга оид