Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, президентнинг 2020 йил 29 апрелдаги ПФ–5987-сон “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини юридик техникумларга қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилади;

номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилинади;

юридик техникумлардаги мутахассислик ва касб тури ҳар бир ҳудуднинг “юриспруденция” йўналиши бўйича профессионал маълумотга эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади;

юридик техникумлар педагог ходимларининг меҳнатини нормалаштириш Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) томонидан амалга оширилади;

юридик техникумларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва қўшма факультетлар ташкил этиш хорижий ҳамкорлар билан тузилган келишувлар асосида ТДЮУ томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларга ҳужжатларни қабул қилиш Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади;

ТДЮУ қошидаги академик лицейни муваффақиятли тамомлаган битирувчилари (55 фоиз ва ундан юқори натижаларга эга) юридик техникумларга кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга;

“юриспруденция” йўналиши бўйича республика олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган, тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 60 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қарори билан доимий яшаш жойидаги юридик техникумларга қабул қилиш параметрларидан ташқари тўлов-контракт асосида танлов ўтказилмасдан қўшимча равишда қабул қилиниши мумкин;