Жамият | 19:48 / 19.06.2020
13417
3 дақиқада ўқилади

Вазирлик Пешкўдаги спорт мактабида мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани юзасидан муносабат билдирди. Масъулларга чора кўрилган

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Пешкў туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди. Маълум қилинишича, Пешкў туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи ва туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорига интизомий жазо чоралари қўлланган.

«Ушбу хабар эълон қилиниши ҳамоноқ, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги топшириғига асосан, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи бошчилигида масъул ходимлар ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Пешкў туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етиб борди.

Маълумки, Республика Махсус комиссияси томонидан пандемия талабларининг юмшатилиши натижасида республикамизнинг барча «яшил» ҳудудларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спорт секциялари ва тўгараклари фаолияти қайта тикланмоқда.

Пандемия даврида икки ойдан ортиқ вақт давомида карантин талабларига риоя қилиш мақсадида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тўлиқ иш фаолиятини тўхтатган. Эндиликда спорт мактабида спорт секциялари фаолияти қайта тикланишига тайёргарлик кўриш мақсадида ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда мактаб жамоаси мактаб ҳудудларини ободонлаштириш учун ихтиёрий равишда шанбаликка таклиф этилган.

Масъуллар ҳолатни ўрганган ҳолда ўз фаолиятидан ортиқча вазифа берган Пешкў туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи ва туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорига интизомий жазо чоралари қўлланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги юзасидан қаттиқ огоҳлантириш берилган.

«Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тренерлар ва ҳодимларнинг ўзбошимчалик билан мажбурий меҳнатга жалб этилишини олдини олиш мақсадида тизимдаги барча ташкилот ва муассасаларда тушунтириш ишларини кучайтиради.

Маълум қиламизки, Пешкў тумани ёшлари учун Пешкў тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли марказий ўйингоҳ давлат дастури асосида қайта реконструкция қилиниб, жорий йилнинг ўзида фойдаланишга топширилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Kun.uz расмий сайтига бу каби ҳолатлар бўйича тезкор муносабат билдиргани учун ўз миннатдорчилигини билдиради ва келгусида ҳам бу борада ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилади», дейилади вазирлик муносабатида.

Бугун, 19 июнь куни Kun.uz расмий сайти орқали Пешкў туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббийлар мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисида хабар берилганди.

Сенат ялпи мажлисида Танзила Норбоева ушбу ҳолатни қоралаб чиқди ва вилоят ҳокимидан ушбу ҳолат бўйича тушунтириш сўради.

Мавзуга оид