Ўзбекистон | 15:18 / 24.06.2020
9193
2 дақиқада ўқилади

Карантиндан чиққанлар кейинги 10 кун давомида поликлиника шифокори назоратида бўлади - Ботир Қурбонов

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбоновнинг айтишича, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатида охирги 14 кун ичида бўлиб турган ва Ўзбекистонга кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди.

«Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатида охирги 14 кун ичида бўлиб турган ва Ўзбекистонга кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди.

Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапур давлатларидан келган шахслар 14 кун давомида уй карантинига олинади, қолган бошқа давлатлардан Ўзбекистонга кириб келган шахслар эса 14 кун давомида карантин назоратида сақланади», дея Ботир Қурбоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ботир Қурбонов

Унинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида хорижий мамлакатларда бўлиб қайтган ва 14 кун карантин марказида сақланган фуқаролар карантин марказидан чиқарилгандан сўнг улар тўғрисида яшаш жойларидаги поликлиникаларга ахборот берилиши хамда карантинга олинган шахслар устидан кейинги 10 кун давомида яшаш жойидаги поликлиника шифокори томонидан телефон орқали кузатув ўрнатилиши белгиланган.

Ботир Қурбонов, шунингдек, ташкилотларда ўтказиладиган мажлисларда ходимлар қандай қоидаларга риоя этишлари кераклигини ҳам эслатиб ўтди.

«Барча ҳудудларда (уларнинг тоифасидан қатъи назар) ижтимоий масофани сақлаш, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан доимий равишда фойдаланиши ва ниқоб тақиши шарт.

Дунё олимлари томонидан ўтказилаётган тажрибалар ниқоб коронавирусдан химояланишда асосий восита эканлиги исботланмоқда», дейди у.

Мавзуга оид