Ўзбекистон | 16:35 / 13.07.2020
18174
2 дақиқада ўқилади

«Оилавий шифокорлар ва педиатрларга ҳам устама берилиши кутилмоқда» – Отабеков

Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда пульмонолог, терапевт сингари шифокорлар ҳам коронавирус эҳтимоли бўлганлар билан алоқада бўлиб, ҳаётини хавф остига қўйса ҳам нега уларга қўшимча устама тўлови берилмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб берди.

«Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони асосида коронавирус беморлари билан бевосита контактда бўладиган, вирус аниқланган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатадиган тиббиёт ходимларига қўшимча устама тўловлари берилиши белгиланган эди.

Бунда бирламчи санитар-тиббий ёрдам кўрсатадиган ходимлар, оилавий шифокорлар, педиатрлар, пульмонолог, терапевтлар эпидемиология билан курашувчилар сифатида гуруҳ таркибига киритилмаганди. Улар расман гуруҳ таркибига киритилмаган бўлса-да, ўз ҳаётини хавф остига қўяди, эҳтимолий беморлар билан мулоқотда бўлади.

Ҳозирда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида бу масала қайта кўтарилган. Беморлар билан бевосита контактда бўлган, ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг яна бир гуруҳига тегишли қўшимча тўловлар беришни назарда тутувчи ҳужжат тайёрланмоқда. Улар ҳам жараёнда иштирокидан келиб чиққан ҳолда у ёки бу даражада қўшимча тўловларни олишади», дея Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 5 июлдан коронавирусни енгил шаклда ўтказаётган беморлар уйда даволаниши мумкин бўлди.

Мавзуга оид