Ўзбекистон | 21:50 / 15.07.2020
21625
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари агентлиги ходими коронавирусдан вафот этгани маълум қилинди

Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасининг масъул ходими коронавирусдан вафот этган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

15 июль куни Навоий вилояти бошқармасининг масъул ходими Адҳамжон Деҳқонов 61 ёшда вафот этди. Агентлик директорининг матбуот котиби Севара Зокированинг Kun.uz мухбирига хабар беришича, бу агентлик тизимида коронавирус билан боғлиқ илк ўлим ҳолатидир.

«Давлат хизматлари агентлиги жамоаси марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», – дейилади агентлик ахборот хизмати эълон қилган таъзияномада.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кун давомида эълон қилиб борилаётган маълумотларда мазкур ўлим ҳолати ҳозирча қайд этилмаган

Kun.uz 15 июль куни ўз манбасига таянган ҳолда сўнгги икки кунда икки нафар ички ишлар органи ходими коронавирус туфайли вафот этгани, бу пандемия бошлангандан бери коронавирус сабабли рўй берган учинчи ўлим ҳолати экани ҳақида хабар берган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларида ички ишлар ходимларининг коронавирусдан вафот этгани қайд этилмаган. 

Маълумот учун, 15 июль соат 21:30 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида 69 киши вафот этган. ССВ ва унинг ҳузуридаги штаб вакиллари Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар яширилмаётганини, бундан манфаат йўқлигини мунтазам таъкидлаб келмоқда.

Мавзуга оид