Жамият | 15:49 / 15.07.2020
39381
2 дақиқада ўқилади

Жарқўрғонда суд ходимига нисбатан куч ишлатилгани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида судьяларни омма олдида обрўсизлантиришга уринганлиги, суд ходимига эса ички ишлар ходимлари томонидан куч ишлатилгани ҳақида хабар берилганди.

Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан текшириш ишлари олиб борилаётгани, текшириш жараёни Бош прокуратура томонидан назоратга олингани маълум қилинган эди.

Жарқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати воқеа юзасидан расмий муносабат билдириб, ўша куни блокпостда турган масъул ички ишлар, миллий гвардия ходимлари туман Маъмурий суди раиси хизмат автомашинасининг ҳайдовчисига тушунтириш берган, яъни қарама-қарши йўналиш бўйича тирбандлик юзага келганлигини таъкидлаб, йўлни бўшатишини талаб қилган.

Туман ҳокими З.Давлатов, туман ИИБ бошлиғи ҳамда туман прокурори билан бирга ушбу ҳудудга карантин ҳолатини ўрганиш бўйича блокпостга келишган.

Блокпостдаги масъул хизматчилар туман Маъмурий суди раисининг хизмат автомашинаси билан боғлиқ ҳолат бўйича туман ҳокимига мурожаат қилишган. Шундан кейин туман ҳокими ва ИИБ бошлиғи бориб тушунтириш бергандан сўнг, Маъмурий суд раиси хатосини тушуниб, орқага кетди.

Туман Жиноят суди раисининг хизмат автомашинаси ҳайдовчиси блокпост хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаган. Қонуний талабга бўйсунмаган ҳайдовчи блокпост масъуллари томонидан ҳолатга аниқлик киритиш учун туман ИИБга олиб борилган.

Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижасига кўра, ЖКнинг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Мавзуга оид