Ўзбекистон | 23:56 / 16.07.2020
37656
2 дақиқада ўқилади

ССВ 12 июль куни вафот этган подполковник ўлимига коронавирус сабаб бўлганини тасдиқлади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ходими, Сергели тумани ИИО ФМБ подполковниги 12 июль куни коронавирусдан вафот этганини расман тасдиқлади.

«Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи 42 ёшли фуқаро Т. А. (эркак) шу йилнинг 29 июнидан 12 июлига қадар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг жарроҳлик бўлимида ўткир панкреатит, ўт қопи жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш амалиёти, геморагик панкранекроз, ошқозон ости безини дренажлаш ташхиси билан даволанган. Шунингдек, бемордан COVID-19 инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган.

Унга ўткир тотал ёғли панкреонекроз, ўткир холецистит, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида тиббиёт мутахассислари томонидан консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, икки томонлама пневмониядан вафот этган», дейилади вазирлик хабарида.

Бугун Ички ишлар вазирлиги Сергели ИИО ФМБ подполковниги Абдулазиз Тошев 12 июль куни 42 ёшида вафот этгани, унинг ўлимига коронавирусдан касаллангани сабаб бўлгани ҳақида хабар берганди.

Бунгача 13-14 июль кунлари Тошкент шаҳар ИИББ ходими, 36 ёшли майор А.Ш ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи, 48 ёшли подполковник Ш.Н коронавирусдан вафот этгани хабар қилинганди. ССВ бу ўлим ҳолатларини 15 июль куни тасдиқлади. 

Эндиликда, Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони 75тага етди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид