Жамият | 19:47 / 16.07.2020
75722
5 дақиқада ўқилади

«Вазиятни англаш учун оддий бемор сифатида ҳаракат қилиб кўринг» – Шифокорнинг вазирликка мурожаати

Коронавирус тарқалиши тезлашгани сари тез тиббий ёрдам, даволаш ва профилактика ишларида оқсоқланишлар тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда. Қуйидаги мурожаатда беморлар билан дастлаб дуч келувчи шифокор – тез тиббий ёрдам ходимининг фикр-мулоҳазалари ва дуч келаётган муаммолари келтирилади.

 – Ассалому алайкум. Мен ҳозирда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам хизматининг Яккасарой туманидаги 10-станцияда, коронавирусга чалинган беморларни ташиш бўлимида шифокор бўлиб ишлаяпман. Ҳозир бир кунлик иш давомида ўртача 10 нафар коронавирус юқтирган беморларни ташишда иштирок этаман. Иш жараёнида баъзи касалларга биринчи тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади. Шу сабабли касаллар билан тўғридан тўғри алоқада бўламиз. Натижа жиддий: ҳамкасбларимнинг 30-40 фоизида коронавирус аломатлари сезиляпти.

Раҳбариятимиздан Covid-19’га анализ олишларини сўрасак, тайинли жавоб беришмаяпти. Шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида тест топшириш учун бир кунлик навбатда туриш керак. Хусусий клиникаларга топширмоқчи бўлсак, улар тест олишмаяпти. Бизнинг махсус бўлим ташкил қилинганига 4 ойдан ошган бўлса-да, ходимлардан фақатгина бир марта таҳлил олинди. Бошқа турдаги касалликларга борадиган ходимлардан ҳам шу кунга қадар бир марта тест олинган, холос. Улар ҳам аҳоли билан доимий контактда бўлишади. Шу боис кўпларида Covid-19 аломатлари бор. Энг ачинарлиси, тез тиббий ёрдам хизматида иш ҳажми ошгани учун шу аҳволда ишга бориб келишяпти.

Сизлардан илтимос, тест топшириш масаласида ёрдам беринг. Бизга поликлиникада коронавирусга тест оладиган махсус гуруҳ ташкил қилинган деб ёлғон маълумот беришди. Ҳамкасбларимдан бирининг уч кундан буён тана ҳарорати кўтарилмоқда. У эса ҳамон поликлиникадаги ўша «махсус гуруҳ»ни кутяпти.

Иккинчи мурожаат

«Бу мурожаатимни ўзимнинг иш фаолиятим мисолида ёзаман. Беморлардан бирининг уйига борсам, аввало унинг тест натижаларини сўрайман. Агар бўлса, уни шифохонага олиб бораман. Аммо унинг уйидаги оила аъзоларида ҳам Covid-19 аломатлари сезилса-ю, уларнинг тест натижалари бўлмаса, (баъзиларида пневмония белгилари учрайди) улар биринчи навбатда поликлиникага тест топширишлари керак. У ерда камида 2 кунда навбат келади. Таҳлил жавоби эса ўртача 4 кунда чиқади. Бундай ҳолатда беморнинг аҳволи оғирлашади, гоҳида вафот этиши ёки даво топиши ҳам мумкин.

Тўғри, поликлиника шифокорлари ҳам, СЭС ходимлари ҳам беморлар кўплиги учун ҳаммани текширишга улгурмаётгандир. Лекин сизлар брифингларда чиқиб, «ҳаммаси яхши» деган маънодаги гапларни айтасизлар, аҳоли эса табиийки бор аламини бизга сочади. Агар сўзларимга ишонмасанглар, оддий фуқаро сифатида анализ топширишга ҳаракат қилиб кўринглар. Вазиятни кейин англаб оласизлар.

Пневмония аломатлари бор фуқарони ҳеч қайси шифохона қабул қилмайди. Умумий касалхонага олиб борсангиз, «бунда Covid-19 бўлиши мумкин» деб ортига қайтариб юборишади. Covid-19 касаллигига ихтисослаштирилган шифохона эса тест натижалари бўлмаса, беморни қабул қилмайди. Кейин у уйида мунтазам бўлмаган даво муолажаларини олиб, аҳволи оғирлашиб вафот этса, сизлар беморнинг ўзини айблайсизлар. «Уйида ўзбошимчалик билан даволанганлиги, шифокорга вақтида мурожаат қилмаганлиги учун ўлди» дейсизлар.

Яқинда қашқадарёлик шифокор ўзи коронавирусга чалиниб, бошқаларга ҳам юқтирган деб айблашди. Ахир улар шифокорлардан тест олишмаса, буни қаердан билишади? Балки вирус ўша шифокорда симптомсиз кечгандир.

Ўзим шифокор бўлганим учун жуда кўп танишларим телефон қилиб коронавирус борасида маслаҳат сўрашади. Вазият оғирлашиб боряпти. Сизлардан шу муаммоларни ўрганиб, ечим топишингизни сўрайман», – дея хатини якунлаган шифокор Элмурод Темиров.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги пандемия билан боғлиқ вазият юзасидан видеоселектор ўтказиб, жорий ҳолат учун раҳбарларни танқид қилган, айниқса пойтахт Тошкентдаги ҳолатни шармандали деб атаганди.

Мазкур селектор давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани учун ҳайфсан эълон қилинди.

Мавзуга оид