Жаҳон | 17:10 / 18.07.2020
4530
2 дақиқада ўқилади

Исроилда тадбиркорларнинг норозиликлари сабабли ресторанлар ёпилмайдиган бўлди

Исроилда коронавирус тарқалиши сабабли ресторанларнинг ёпилиши тўғрисидаги қарор охирги дақиқаларда бекор қилинди. 

Фото: Yonatan Sindel/Flash90

Бош вазир Биньямин Нетаньяху коронавирус тарқалиши сабабли овқатланиш муассасалари ёпилиши тўғрисидаги қарорни охирги дақиқаларда бекор қилди. Ресторанлар эгалари бу қарорни «ноқонуний» деб ҳисоблаб, чекловларга бўйсунмасликларини айтишганидан сўнг қарор бекор қилинди, деб ёзади Times of Israel.

Пайшанба куни Исроилда рекорд даражада коронавируснинг янги ҳолатлари қайд этилди – қарийб 1800та. Шу сабабли Нетаньяху амалдорлар ва экспертлар иштирокида йиғилиш ўтказди. Йиғилиш натижаларига кўра карантин чекловлари тикланиши эълон қилинди. Хусусан, барча умумий овқатланиш муассасалари жума кунидан ёпилиши айтилди.

Қайд этилишича, бу қарорга Исроил ресторанлар ассоциацияси қарши чиққан.

«Биз кучга киришидан бир неча соат олдин эълон қилинган қарор билан бизнесимизни тўхтатмаймиз», — деб баёнот берган ассоциация.

Тель-Авив, Қуддус ва бошқа шаҳарлардаги ресторанлар эгалари ҳам фаолиятини тўхтатмаслигини маълум қилган. Қарорга қарши чиққанлар ҳукумат «ярим тунда» қарор қабул қилмаслигини, муассасалар ишчилари эса «қўғирчоқ эмас»лигини таъкидлаган.

 Натижада ресторанларга келгуси ҳафтанинг сешанбасигача ишини давом эттиришга рухсат берилган. 

Ўз навбатида, қарорнинг бекор қилингани ресторанларини ёпган тадбиркорларнинг норозиликларига сабаб бўлди. Улар муассасаларини ёпиш учун ходимларга жавоб бериб юборгани ва захирадаги маҳсулотлардан воз кечишганини айтишди.

«Ресторанлар ишлаши ҳақида ходимларимиз пул тўланмайдиган таътилга чиқарилганидан бир соат ўтиб маълум қилинди», — деб ёзган Рамла шаҳридаги ресторанлардан бирининг эгаси Twitter саҳифасида.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид