Жамият | 11:47 / 20.07.2020
4072
2 дақиқада ўқилади

Деновда бир гуруҳ шахслар ўғирлик жинояти учун суд олдида жавоб беради

Ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 16 март куни соат 15:30да муқаддам бир неча маротаба судланган 19 ёшли В.А. ўзининг танишлари 21 ёшли М.Й (аёл), 20 ёшли Н.К. (аёл) ва 40 ёшли Ф.М. (аёл) билан жиноий тил бириктириб, Сурхондарё вилояти Денов шаҳар Чағаниён кўчасида жойлашган деҳқон бозорига келишган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар фуқаро Д.Т. (аёл)нинг қўлида бўлган сумкасида пули борлигини кўришиб, ушбу пулларни ўғирлаш мақсадида қулай вазият бўлишини кутиб, унинг ортидан кузатиб юришган ва жиноятни содир этиш учун ўзаро вазифаларни тақсимлаб олишган. Унга кўра Ф.М., М.Й., Н.К. ва вояга етмаган С.Ғ. Д.Т одамлар гавжум бўлган жойга борганлигидан фойдаланиб, уни ҳар ёнидан ўртага олган вақтларида, В.А. ўзи билан бирга олиб келган ўткир кесувчи жисм билан Д.Т.нинг сумкасини кесиб, сумка ичида бўлган жами 8.000.000 сўм пулларини яширин равишда ўғирлаб, жиноий шериги М.Й.га бериб, ҳодиса жойидан яширинганлар.

Олиб борилган тезкор-қидирув натижасида, жиноятни содир этган шахсларнинг барчаси ушланиб, улардан 8.000.000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича В.А. ва бошқаларга айблов эълон қилиниб, В.А.га нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилиб, қолган айбланувчиларга эса қамоқ билан билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чораси қўлланилган ва жиноят иши айблов хулосаси билан туман прокуратурасига юборилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид