Жамият | 14:45
5269
2 дақиқада ўқилади

Деновдаги кураш мусобақаси қотиллик билан якунланди: Таниқли полвон пичоқлаб ўлдирилди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтказилган миллий кураш мусобақасида мудҳиш қотиллик юз берди. Мусобақа давомида келиб чиққан низо оқибатида воҳанинг таниқли полвонларидан бири Низомиддин Чўтбоев ҳаётдан кўз юмди.

Фото: Иллюстратив сурат / СИ

Kun.uz манбасининг хабар беришича, воқеа жорий йилнинг 9 май куни соат 14:30 ларда Денов туманидаги тиббиёт техникуми ўйингоҳида содир бўлган. У ерда миллий кураш бўйича оммавий тадбир ўтказилган.

Маълум бўлишича, даврада Низомиддин полвоннинг ўғли Аюбхон Хуррамов рақиби Бўстонбек Жабборовни кураш мусобақасида енгган. Укасининг мағлубиятидан ғазабланган Достон Жабборов Низомиддин полвоннинг орқа томонидан келиб, бир неча бор унга пичоқ билан зарба берган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га тасдиқлашича, оғир жароҳатлар олган Низомиддин полвон зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Бироқ жонлантириш бўлимида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, у вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг танасига тўрт маротаба оғир пичоқ зарбаси берилган. Кўкрак қафаси, бел ва думба соҳаларига етказилган жароҳатлар ички органларни тешиб ўтган ва ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати сифатида баҳоланган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Денов туман прокуратураси томонидан Д. Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» банди (безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, Достон Жабборов муқаддам судланган бўлиб, зўравонлиги билан танилган шахс ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 27 апрел куни Деновда «Шакки» лақабли зўравон шериклари билан кундузи кўчада бир йигитни калтаклаб ўлдирган, ҳолат бўйича тўрт киши қамоққа олинган эди.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид