Ўзбекистон | 13:10 / 24.07.2020
7451
3 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги Жанубий Корея ҳукумати ишчи визаси билан кириб келиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқаётганини маълум қилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хабар беришича, 23 июль Сеул шаҳрида Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги томонидан Корея касб сифатини баҳолаш хизмати билан ҳамкорликда Covid-19 пандемия даврида бошқа давлат фуқароларнинг Корея Республикасига кириб келиши ва тарк этиши юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган.

«Йиғилишда Кореяда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириб ватанга қайтаётган фуқароларнинг ўз вақтида Корея ҳудудини тарк этиш масаласи кўтарилди. Бу борада Корея ҳукумати томонидан фуқаролар учун барча шароитлар яратилаётгани, виза муддати тугаётган фуқароларнинг ўрнатилган тартибда иммиграция хизматига мурожаат этиш орқали виза муддатларини узайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Агар фуқаролар ўз вақтида Кореяни тарк этмай ноқонуний равишда ушбу давлатда қолган тақдирда ўша давлат бўйича фуқаролар кўрсаткичи кўп бўлса, кейинги йилга янги ишчиларнинг кириб келиш квотасига таъсир этиши алоҳида таъкидланди», дейилади агентлик хабарида.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг айтишича, йиғилиш доирасида ўтказилган брифингда пандемия даврида турли давлатларда пайдо бўлаётган муаммолар ҳақида тўхтаб ўтилган.

«Бугунги кунда агентлигимизнинг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси томонидан Корея Республикасидан учиб бораётган авиарейслар «яшил рейс» мақомига эга эканлиги, Кореядан кириб борган фуқаролар 14 кунлик карантинга олинмаслиги юзасидан жорий йилнинг 14 июндаги Республика махсус комиссияси томонидан қарор қабул қилинганлиги, 15 июндан бошлаб карантин талабларининг енгиллаштирилганлиги туфайли, авиақатновларнинг қайтадан йўлга қўйилганлиги ҳамда ҳозирги кундаги Ўзбекистондаги пандемия ҳолати бўйича ахборот берилди.

Ваколатхона ва элчихона томонидан меҳнат мигрантларини Корея ҳудудини тарк этиши борасида ҳар томонлама амалий ёрдам берилаётгани таъкидланди. Қолаверса, Ваколатхона томонидан, айрим сабабларга кўра, Корея Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кетган фуқароларнинг меҳнат таътили, виза муддати тугаётганлиги, иш жойини алмаштиришни тегишли ташкилотларда қайд этиш муддати тугаб бораётганлиги, уларнинг Кореяга кириб келиши юзасидан кўплаб муаммолар мавжуд эканлиги, бу муаммолар юзасидан ўзаро ҳамкорликда ечим топиш юзасидан йиғилиш ташкилотчиларига таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида Корея ҳукумати томонидан ишчи визаси билан кириб келиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқилаётганлиги ва мазкур тартиб тўлиқ ишлаб чиқилгандан сўнг яқин кунларда тақдим этилиши маълум қилинди», дея Ортиқхўжа Норовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Миграция агентлиги виза муддати тугаётган Корея ҳудудидан чиқиб кетишда муаммоларга дуч келаётган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси ёки ваколатхонага виза муддати тугашидан олдин мурожаат қилишни сўраган.

Мавзуга оид