Ўзбекистон | 23:25 / 25.07.2020
49603
2 дақиқада ўқилади

Муса Ерниязовнинг вафоти ҳақида хабар тарқалди, ССВ буни рад этди

25 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига кўп йиллардан буён раислик қилиб келаётган Муса Тажетдинович Ерниязовнинг ўлими тўғрисида хабарлар тарқалди. 

Тез орада бу хабарларнинг дастлабки манбаси сифатида кўрсатилган repost.uz сайти ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида сайт хакерлар ҳужумига учраганини маълум қилди ва раиснинг 20 июль куни вафот этгани ҳақидаги бу хабар рад этилди.

Kun.uz мухбири вазиятга аниқлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан боғланди.

– Бу хабар ҳақиқатга мутлақо зид. Муса Тажетдинович ҳаёт ва айни пайтда даволанмоқда. Етакчи мутахассислар у кишининг соғлиги тикланиши учун курашишяпти, узлуксиз консилиумлар ўтказиляпти. Асоссиз хабар тарқатишнинг жавобгарлиги борлигини унутмаслик лозим, – деди Санаев.

Эслатиб ўтамиз, 73 ёшли Муса Ерниязов Нукусда коронавирусдан даволанаётгани ўтган шанбада, 18 июль куни маълум бўлган эди.

Шу куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам COVID-19`га чалиниб, Тошкентда даволанаётгани хабар қилинганди. Куни кеча Боболовнинг ўлими ҳақида асоссиз хабар тарқалгач, ҳоким видеомурожаат билан чиқиб, аҳволи анча яхши эканиги айтди. Тез орада миш-миш тарқатган шахс аниқланиб, жаримага тортилди ва телефони мусодара қилинди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид