Жаҳон | 22:39 / 30.07.2020
84359
6 дақиқада ўқилади

«Вагнер»? У нима ўзи?» – Кремль Минскда қўлга олинган россияликлар ҳақида. Тўлиқ расшифровка

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Беларусь пойтахти Минскда қўлга олинган россияликлар ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

Фото: Seth Wenig / AP

Бу борада ўтказилган матбуот анжуманида Песков қўлга олинганлар Россия фуқаролари бўлганини тасдиқлади: «Биласизми, биз бу борада тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Айтишим мумкин бўлгани шуки, Россиянинг 33 фуқароси Беларусда қўлга олинган ва яна 200 киши қидирувда. Россияликлар қўлга олишга сабаб бўладиган қандайдир ҳаракат қилгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз.

Биз ҳам Беларусь расмийларининг бу россияликлар мамлакатда президентлик сайловлари олдидан вазиятни издан чиқаришда алоқадорлиги ҳақида гапларини эшитдик. Бу борада қўшимча маълумотга эга эмасмиз. Бугун бизнинг элчи ТИВ ва Беларусдаги ҳамкасби билан бу борада гаплашади. Россия фуқароларининг ҳуқуқлари қонун доирасида ҳимоя қилинишига умид билдирамиз.

Бу қандайдир ташкилот вакиллари ва улар Россия томонидан юборилгани ҳақида гапирилмоқда. Лекин бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Россия ва Беларусь иттифоқчи давлатлар, яқин иттифоқчилар».

Песков Россия ва Беларусь президентлари ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида саволга жавоб берди: «Ҳозирча режада бундай гап йўқ. Минск ва Москва ўртасида жуда кўп алоқа каналлари бор, хусусан ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида ҳам. Мана шу каналлар вазиятни ўзаро муҳокама қилишлари етарли бўлади».

«Коммерсантъ ФМ» радиоси мухбири Песковга бу ишларнинг сайловга қанчалик алоқаси борлиги ҳақида савол берди. Кремль матбуот котиби эса экспертлар вазиятдан хабардор эмаслигини айтди: «Бир нарсани тушунишингиз керак, экспертлар вазият ҳақида ҳеч нарса билмайди-ку. Ҳали биз тўлиқ маълумотга эга эмасмиз, экспертларнинг умуман ҳеч нимадан хабари бўлмаса керак. Шу боис бу масалада эҳтиёт бўлиб гапириш керак».

Песковдан қўлга олинганлар Донбассдаги жангларда қатнашгани ва уларнинг ярми «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси вакиллари экани ҳақида сўрашди: «Беларусь ОАВида қўлга олинганларнинг ярми «Вагнер»нинг ёлланма жангчилари экани ҳақида ёзилди. Айтингчи, Россияда «Вагнер»ни Донбассдаги ҳаракатлари учун таъқиб қилишмайди?».

Песков бу саволга кутилмаган тарзда жавоб қайтарди: «Тушунарли. Айтингчи, «Вагнер» нима ўзи? Россияда юридик жиҳатдан, де-юре ХҲК «Вагнер» деган тушунча йўқ. Хусусий ҳарбий компания нима у ўзи? Масалан, хусусий қўриқлаш корхонаси бор. Аммо Россия қонунчилигида хусусий ҳарбий компания деган тушунча йўқ».

Матбуот анжуманининг қолган қисми қисқа савол ва жавоблар кўринишида ўтди.

«Эхо Москва»: Сиз де-юре бунақа нарса йўқ деяпсиз, лекин аслида Россияда айни дамда хусусий ҳарбий компаниялар фаолияти сир эмас. Ёки Кремль бундай компаниялар мавжудлигини сезмаяптими?

Песков: Шахсан мен хусусий ҳарбий компаниялар мавжудлиги ҳақида билмайман. Бу ҳақда менда маълумот йўқ.

«Эхо Москва»: Беларусда эса шахсан мамлакат президентининг ўзи Россияда жойлашган «Вагнер» хусусий ҳарбий компания ҳақида гапирди.

Песков: Шунинг учун ҳам биз бу ҳақда маълумот кутяпмиз.

«Эхо Москва»: Демак, Беларусь томони мамлакат раҳбарлари ўртасидаги каналлар орқали Россия томонига бу борада ҳеч қандай маълумот етказмаган?

Песков: Бу борада юқорида айтилганидек элчимиз мулоқот олиб боряпти. Шу боис ҳозир бирор нима дея олмайман.

«Эхо Москва»: Россия томони бу бир хил кийимдаги одамлар Беларусь ҳудудида нималар билан шуғуллангани ҳақида маълумотга эгами?

Песков: Тушунинг, Кремлда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бўлиши мумкин эмас. Россия ва Беларусь фуқаролари бемалол икки мамлакатда ҳам юра олишади. Россия ҳудудида ҳам бир хил кийинган, ўзини ноодатий тутадиган, алкоголь истеъмол қилмайдиган (Минск яқинида қўлга олинган 33 нафар россияликка айнан шундай таъриф берилганди) кўплаб беларусларни учратишингиз мумкин. Аммо бу улар қандайдир ноқонуний иш билан шуғулланишяпти дегани эмас. Шу учун биз ҳам фуқароларимиз Минскда нима қилгани, у ерда нима билан банд бўлгани ҳақида маълумот кутяпмиз.

УНИАН: Бу инсонлар қўлга олинишининг асосий сабаби Донбасс ва Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани. Нега бу одамлар ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани учун қонунга мувофиқ таъқиб этилмайди?

Песков: Сиз афтидан мендан кўпроқ маълумотга эгасиз. Менда улар нега қўлга олингани ҳақида маълумот йўқ.

УНИОН: Майли, улар нега Россияда таъқиб қилинмаяпти?

Песков: Нима учун таъқиб қилиш керак?

УНИОН: Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани учун.

Песков: Улар бундай ҳаракатларда қатнашганини сизга ким айтди? Менимча, бу борада айтишим мумкин бўлган ҳамма нарсани айтдим.

«Эхо Москва»: Захар Прилепин қўлга олинганлар орасида ўз вақтида у билан бирга Донбассда жанг қилган одамлар ҳам борлигини айтди.

Песков: Буни инобатга оламиз.

Мавзуга оид