Жаҳон | 09:16 / 14.09.2020
14022
3 дақиқада ўқилади

Исроил дунёда биринчи бўлиб қатъий карантинга қайтмоқда

Фото: EPA/Vostock-photo

Исроил ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони тобора кўпайиб бораётгани сабабли ўзини яккалаш режими қайта киритилишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри хабар берди.  

Ушбу чора келаётган жума, 18 сентябрь куни соат 14дан амал қилишни бошлаши ва 9 октябргача давом этиши кутилмоқда. Бу давр ичида деярли барча мактаблар ёпиқ бўлади, аҳолига сабабсиз яшаш жойидан 500 метрдан узоқроққа кетиш тақиқланади. Ресторанлар, кўнгилочар ва савдо марказлари ёпиқ бўлади. Хусусий компанияларга коронавирусга қарши карантин чораларига риоя қилиш шарти билан ишлашга рухсат берилади. Давлат сектори камроқ ходимлар билан ишлашда давом этади, аксарият ходимларга онлайн-режимда ишлаш имконияти берилади. Тель-Авив аэропорти ҳам ўз фаолиятини давом эттиради.

Ўзини яккалаш режимидан чиқиш вазиятга қараб секин-аста амалга оширилади. 

Ҳукуматда бундай чораларга кўп соатлик муҳокамалардан кейин рози бўлишган. Ундан мақсад охирги кунларда тобора кўпроқ беморлар етказилаётган шифохоналарга юкламани камайтириш ҳисобланади.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху карантин чоралари киритилиши зарурлигини таъкидлаб ўтган. У шу билан бирга ҳукумат коронавирусни енга олмаганини рад этган. 

Исроил миллий кўламда бундай қатъий чораларга қайтаётган дунёдаги биринчи давлат бўлади. Мамлакатда пандемия сабабли иқтисодий пасайиш кузатилаётгани сабабли, ўзини яккалаш режимининг тикланиши Исроил ҳукумати ва жамиятини иккига бўлди. 

Жумладан, Исроил қурилиш вазири Яаков Лицман бундай қатъий карантинга қарши норозилик билдириб истеъфога чиқишга қарор қилди. Бундан ташқари, фан вазири Изхара Шай ҳам карантин киритилишини танқид қилган. Унинг фикрича, оммавий йиғинлар ва кўнгилочар тадбирларга йўл қўймаслик учун коммендантлик соати етарли ҳисобланади. Ўз ҳамкасбларини молия вазири Исраэль Кац ҳам қўллаб-қувватлаган. Унинг таъкидлашича, “карантин киритиш таклифи иқтисодий томонларни ҳисобга олмаган”. Шу сабабли у қатъий карантин кучга киришидан олдин ҳукуматнинг қўшимча йиғилиши ўтказилишини талаб қилган.

Охирги кунларда Исроилда кунлик касалланиш ҳолатлари сони тобора ортиб бормоқда. Айни вақтда мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 155 мингдан ошиб кетди, вирус қурбонлари сони 1119 нафарга етди.

Мавзуга оид