Ўзбекистон | 14:54 / 15.09.2020
21247
5 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоят ҳокимлиги Қува–Асака йўли «мукаммал таъмирланаётгани»ни айтди. Аслида ҳам шундайми?

Kun.uz ва бошқа интернет сайтлари водий вилоятларини ўзаро боғловчи автомобиль йўлларининг айримларида Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан қатнов тақиқлангани, бунинг оқибатида одамлар сарсон-саргардон бўлаётгани хусусида бир неча бор ёзди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бу масала кенг муҳокама қилинди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 7 сентябрда эълон қилган баёнотда 4P-112 ички автомобиль йўлида мукаммал, яъни капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани таъкидланган эди.

Бу баёнотдан аввалроқ, 28 августда Фарғона вилояти, Қува тумани ҳокимлиги «... кучайтирилган карантин даврида автомобилларни ҳамда ҳудудни дезинфекция қилиш натижасида йўлнинг қатнов қисмининг 1 км масофада жойлашган автомобил йўли яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ҳозирда мазкур автомобил йўлини асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўйлаймизки, тез кунларда таъмирлаш ишлари якунланиб, Қува–Асака чегарасида жойлашган бетон тўсиқлар олиб ташланади», дея хабар жойлаганди.

Аслида, Қува ҳокимлигининг важига одамнинг кулгиси қистайди. Нега деганда, «автомобиллар ҳамда ҳудудни дезинфекция қилиш натижасида ... 1 км масофада жойлашган автомобил йўли яроқсиз ҳолга келиб қолгани» таъкидланади.

Kun.uz мухбири водий вилоятларига сафари чоғида айни шу йўллар орқали ҳаракатланиб кўрди.

Бугунги кунда Фарғона вилоятини Андижон вилояти билан боғловчи Қува–Асака, Шаҳрихон–Қува йўли блокпост билан беркитилган бўлиб, икки вилоят аҳолиси учун умуман тескари бўлган Бўстон–Ёзёвон чегараси очиқ холос.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманини Қува тумани билан боғловчи бошқа бир йўлдаги постдан фақат юк автомобиллари ўтмоқда. Қолганлар айланма йўллар орқали яқинини узоқ қилишга мажбур.

Жумладан, Қува–Асака йўлида ҳам маҳалла оралаб, пост ортда қолдирилмоқда, кечки пайтда бевосита постнинг ўзида, пиёдалар йўлаги орқали постдан ўтиб олишмоқда.

Ахир ким ҳам шундоқ яқингинада турган постга ўтиш учун 150 км масофани босиб ўтишни истайди? Қува атрофидаги ҳудудлардан Асака орқали Андижонга бориш учун атиги 25–30 км.ни босиб ўтиш кифоя қилади-ку.

Буни янада аниқроқ тасаввур қилиш учун харитага кўз юритиш кифоя. Марҳамат ёки Асакадан Қувага, ёхуд Қувадан ушбу туманларга бормоқчи бўлган аҳоли вакиллари шахсий транспорт воситасида манзилига бориши учун 15-20 км йўл босиш ўрнига камида 150 км масофани босиб ўтиши керак бўлади.

Бунинг учун Қувадан чиққан ҳайдовчи Фарғона ва Марғилон шаҳарлари орқали Ёзёвон йўлига чиқиб, ундан Андижоннинг Бўстон ва Шаҳрихон туманлари орқали салкам 360 даражада айланиши талаб этилади.

Юқоридаги икки баёнотнинг бирига 18 кун, иккинчисига роппа-роса бир ҳафта бўлибдики, бу йўлнинг «таъмири» ҳали-вери поёнига етай демайди. Чунки катта урғу берилган Қува–Асака йўлида ҳеч қандай мукаммал, яъни капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани йўқ.

Қолаверса, жорий таъмирлаш ишлари ҳам пайсалга солинган ҳолда ўтказилаётганига аминмиз. Яъни йўлнинг 2 км қисмининг 15дан ортиқ қисмида кесилган жойларга кўзимиз тушди. Аммо, жиддий киришилса, бир неча соатлик иш борлигини мутахассис бўлмаган киши ҳам фаҳмлай олади.

Чунки 2 кун оралиқ билан ушбу йўлдан кечаси ва кундузи ўтган бўлсак, таъмирлаш ишлари тиришқоқлик билан эмас, аксинча, қасддан пайсалга солинаётгандек таассурот уйғотди. Йўлсозлар эса, асфальт пешма-пеш келиб турса, бир кунда таъмирлаш ишлари тугашини, бироқ асфальти кўчирилган жойларга қўлда асфальт тўлдириш буюрилганини айтишди.

Ассалому алайкум. Ҳормангизлар! Мана бу асфальт (ишлари) қачон битар экан?

Билмадик, энди берганини қиляпмиз, секин-секин, келганда. (Ҳамкасбларига юзланиб) манови катокни босмадими?

Босиб кетди.

Нега титилиб кетди?

Айрим жойларга асфальт ётқизилган, айрим жойлар шундай қолиб кетган...

Каттаси “укладка” қилинади, асфальт ёядиган, “заказ”га келади-да. (Чунки), қўлда текис қила олмаймиз-да. Кичкинасини қўлда қилинглар, деди тепадан. Уни бир кунда босиб қўяди, укладчик (асфальт ётқизувчи транспорт воситаси) келса, “камаз-камаз” (асфальт) келиб туради. Йўлни тўсади тақа-тақ.

Шуни бирданига қилиб, битирса бўлмасмикан?

Майдасини қилиб туринглар деяпти-да катталар... пешма-пеш келиб турса, шунақа бўлади.

Демак, бир кунда тугатса бўлади, тўғрими?

Укладчик келса, шунақа бўлади. Уям бошқа жойларни асфальт қиляпти-да, бўшамаяпти.

Видеобаёнотда капитал, мукаммал таъмирлаш кетаётгани айтилган йўлда иш мана шу аҳволда. Хуллас, Қува–Асака йўлидаги таъмирлаш қачон тугаши кимнингдир кайфиятига боғлиққа ўхшайди.

Мавзуга оид