Жамият | 17:37 / 23.09.2020
10887
2 дақиқада ўқилади

Штаб аъзоси коронавирус аниқланган хонадонлар нега карантинга олинмаётганига изоҳ берди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов коронавирус аниқланган хонадонлар нега карантинга олинмаётгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Касаллик аниқланганда касалнинг оғир ёки енгил даражасига қараб стационарга ёки уй шароитида даволанишга қолдирилади. Коронавирусга чалинганлар эса уй шароитида карантинга олинади.

Уй шароитида карантиндаги фуқаролар СЭОМ ходимлари, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари томонидан назоратга олиниб, доимий ахборот алмашиниб келинмоқда», деди Ботир Қурбонов.

Маълум қилинишича, илмий тадқиқотларда уй ҳайвонларига коронавирус инфекцияси юқмаслиги тасдиқланган. Бу ҳақида кўплаб илмий ишлар олиб борилган.

Брифингда фуқаронинг хорижга ўқишга кетишда коронавирусни аниқлаш бўйича тести натижасининг QR кодли инглизча таржимасини олиш имконияти ҳақидаги саволига ҳам жавоб қайтарилди.

«Хорижга чиқаётган Ўзбекистон фуқаролари коронавирус инфекциясига тест таҳлили натижаси ҳақида маълумотномаси бўлиши тавсия этилади. Маълумотноманинг инглиз тилида таржимасини ҳудудий нотариус хизматларида таржима қилиб ҳаққонийлигини тасдиқласа бўлади. Тест натижаси олинган вақт 72 соатдан кўп бўлмаслиги зарур», деди штаб аъзоси.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид