Жаҳон | 17:24 / 30.09.2020
3918
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки камбағал давлатларга вакцина учун 12 миллиард доллар ажратади

Фото: Getty Images

Жаҳон банки камбағал ва ривожланаётган мамлакатларга вакцина сотиб олишда ёрдам беради. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.

Манбада айтилишича, вакцина тайёр бўлиб, сотувга чиқарилгач, Жаҳон банки бу лойиҳани амалга оширишга киришади.

Reuters билан суҳбатда Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасс камбағал давлатларга вакцина сотиб олишда ёрдам бериш учун банк томонидан 12 миллиард доллар ажратилишини айтган. Шунингдек, ташкилот мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, ишсизларга ёрдам бериш лойиҳаларига кейинги 15 ой давомида 160 миллиард доллар ажратиши кўзда тутилган.

Дунёнинг иқтисодий кучли давлатлари аллақачон вакцина учун пул сарфлашни бошлаган. Масалан, АҚШ маҳаллий, шунингдек, Британия ва Германия фармацевтика корхоналарига бир неча миллион дозада вакцина етказиб бериш учун 3 миллиард доллар ажратган.

Жаҳон банки мамлакатларга вакцина учун пул ажратишни кейинги 12-18 ой ичида амалга оширмоқчи. Катта эҳтимол билан пуллар давлатларга юборилмайди ва улар сотиб олган вакцина учун ишлаб чиқарувчи компанияларга тўлаб берилади. Шу тариқа ажратилажак маблағ айнан кўзланган мақсад учун сарфланишига эришилади.

Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасснинг айтишича, банкнинг бошқарув кенгаши тез орада бу лойиҳани тасдиқлайди. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, вакцина кўринишида ёрдам олган камбағал давлатлар иқтисодиёти яхши томонга ўзгаради.

Маълумот учун, ЖССТ ҳали бирорта вакцинани қўллаш мумкинлиги ҳақида эълон қилмаган. Фақатгина Россияда вакцина ишлаб чиқариш ва уни қўллаш бошланган. Бироқ бу вакцинанинг таркиби ва ишлаб чиқарилиш тартиби аниқ бўлмагани сабаб ЖССТ уни тавсия қилмаган. Россия ишлаб чиқарган вакцинанинг экспорт нархи икки доза учун 10 доллар экани маълум бўлганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид