Ўзбекистон | 19:47 / 22.11.2020
38540
27 дақиқада ўқилади

«Беморни "уч"га даволаб бўлмайди». Саудияга кетган шифокор – тиббиётдаги муаммолар ва ривожланиш йўллари ҳақида

3 ноябр куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов лавозимини тарк этди, унинг ўрнини Абдуҳаким Ҳожибоев эгаллади. 6 ноябр куни ўтказилган соғлиқни сақлаш масалаларига бағишланган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилиш кераклигини таъкидлади ва соҳадаги бошқа масалаларга эътибор қаратди.

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги Қирол Фаҳад шифохонасида анестезиолог-консултант сифатида фаолият кўрсатаётган ўзбек шифокори – тиббиёт фанлари доктори Аброр Акмалов билан Ўзбекистон тиббиётидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида суҳбатлашдик.

«Ўзбекистонда шифохонага иш тушганда албатта яхши шифокор излашга тўғри келади»

Аброр ака, айни пайтда Саудия Арабистонида фаолият юритяпсиз. Ўз фаолиятингиз ва кузатувларингиз асосида икки давлат тиббиёти ўртасидаги фарқ нималарда деб ўйлайсиз ва айнан қайси жиҳатларни Ўзбекистонга мослаштириш мумкин деб ҳисоблайсиз?

– Саудия Арабистони АҚШ стандартлари устун давлат ҳисобланади. Мен Ўзбекистонда Тошкент тиббиёт академиясида кафедра мудири, Нейрохирургия илмий-амалий марказида илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, илмий раҳбар лавозимларида ишлаганман. Шунинг учун соҳани, ўқиш ва иш масаласидаги фарқни анча сезаман.

Аброр Акмалов (ўнгдан биринчи) Қирол Фаҳад шифохонасидаги ҳамкасблари билан.

Саудия Арабистони ҳам ўз тилини яхши кўради. Мен Ўзбекистонда талабаларга дарс бериб юрган пайтларимда дарслар ўзбек тилида ўтилсин, китоблар ўзбек тилига ўгирилсин деган гаплар бўлди. Бу нарсалар бизнинг тиббиётимизни анча орқага тортди. Чунки тиббиёт шунақаки, узоғи билан 3-5 йилда бир марта янгиланиб туради. Бу рус тилида ҳам эмас, инглиз тилида бўлади. Инглиз тилини билмасдан замонавий технологияларни ишлатиш, замонавий даволаш чораларини ишлатиш қийин бўлади.

Ўзбекистонда ҳам ҳозир кўпчилик замонавий технологиялар билан ишлаяпти: улар ҳам асосан инглиз тилини яхши биладиган, ўз устида ишлайдиган шифокорлар ҳисобланади. Мен бу билан Саудия Арабистонининг бир эътиборли жиҳатини айтмоқчиман: бу ерда одамлар ўз тилини яхши кўргани билан шифокор ва ҳамширалар инглиз тилидаги дастурлар асосида тайёрланади. Бунинг учун бошидан инглиз тилини яхши ўқитиш зарур ва талаба ОТМга ўқишга киргач, бемалол чет тилда ўқий оладиган бўлиши керак.

Ўзбекистонда бирорта шифохонага борганда яхши шифокор излаб қолинади. Бемор даволанаётган муассасага бошқа клиникадан шифокор олиб келинади ва у ўз муолажасини қилади, яна бир клиникадан олиб келинган бошқа шифокор эса умуман ўзгача усулда даволайди. Бу ерда [Мадина шаҳрида] бундай нарса йўқ, бу шармандалик ҳисобланади. Ҳар бир шифокор ўз мутахассислигини яхши билиши ва бирининг муолажаси иккинчисиникидан фарқ қилмаслиги зарур. Мана шунга катта аҳамият бериш керак.

Бундан ташқари, Арабистонда тиббиёт институтларида фақат тиббиёт фанлари номзоди даражасига эга бўлганлар дарс бериши мумкин. Бизда шифокорларнинг савияси паст ёки билими юқори эмас, деб нолишади. Лекин бунинг асоси нимада эканини ҳам ўйлаб кўриш керак.

Дори-дармон, технологияларнинг энг замонавийларини олиб кириб ишлатиш керак. Мен ҳам Ўзбекистонда анестезиология бўйича талабаларга дарс берганман. Биз ишлатган сунъий нафас бериш ускуналари, дори-дармонлар жуда эскирганини хорижга чиқиб билдим. Бир ҳафтагача уларнинг дори-дармон, техникаларини ўрганиб олгунимча профессорлигимни деб айтишга ҳам тортинганман. Ҳозир керак бўлса улардан ҳам яхши ишлаяпман. Шунинг учун ўзбек шифокорларини билимсиз деб айблаб бўлмайди, улар жуда салоҳиятли. Фақат уларда тил билан боғлиқ қийинчиликлар учрамоқда.

«Тиббиёт институтига имтиёз билан кириш умуман мумкин эмас!»

– Тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларига имтиёз асосида ўқишга қабул қилиш масаласига қандай қарайсиз? Умуман, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларида ўқитиш қандай бўлиши керак?

– Яқинда яна қайсидир тоифадаги одамларга ОТМларга киришда имтиёз берилди. Тиббиёт институтига имтиёз билан кириш умуман мумкин эмас, балки бошқа йўналишларда буни қабул қилиш мумкиндир. Лекин ўзида билим бўлмаса, тиббиёт йўналишига қабул қилиш керак эмас. Бу – биринчиси.

Иккинчидан эса, агар талаба контрактда ўқиётган бўлса, пул тўлаяптику, деган фикрда ҳеч бўлмаганда «3» баҳо билан фани ёпиб берилади. Масалан, ҳозир ўғлим ўқиётган Арабистондаги университет мисолида айтишим мумкин, тўланадиган контракт пули жуда юқори бўлса ҳам, ҳар йили 25-30 фоизгача талаба курсдан курсга қолади.

Аброр Акмалов иш жараёнида.

Бундан ташқари, тиббиёт ОТМларида «3» баҳога ўқиган талаба ҳам курсдан курсга қолади. Сабаби паст баҳо билан ўқиган талаба қандай қилиб битиргач, беморни «3»га даволаши мумкин? Саудияда тиббиёт йўналишидаги ОТМда контракт нархи юқорилигининг сабаби битирувчилар ишга кирганидан сўнг шунга яраша юқори маош ҳам олиши билан боғлиқ.

Шифокор 10 йил ўқийди, яна ҳам яхши бўлиши учун 5 йил иш тажрибасига эга бўлиши керак. Бундан ташқари, тиббиёт тез-тез янгиланиб боради, шунинг учун шифокор доим изланишда бўлиши керак. Масалан, биз ўқиган пайтимизда Россия китобларидан ўқиганмиз ва бу китоблар 10-15 йил олдин инглиз тилида ёзилиб, кейин рус тилига таржима қилинган эди. Бу биз улардан 15-20 йилга орқада бўлганимизни англатади.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин мен кафедра мудири бўлиб ишлаётган пайтимда ҳар бир кафедрада ўзбек тилида ҳам китоблар яратилиши ҳақида талаб бўлди. Ўша 15-20 йил олдин рус тилида ёзилган китобларни сўзма-сўз таржима қилиб, ҳатто баъзи жойлари тушунарсиз ҳолда ўзбек тилида китоблар тайёрланди. 70-80 фоизи таржимадан иборат нарсани китоб деб талабаларга беришди. Шу сабабли тиббиётда ўқитилаётган ўзбек тилидаги китобларнинг сифати жуда паст.

Худди шу каби ҳозирги рус тилидаги китоблар ҳам талабга жавоб бермайди. Шунинг учун талабалар инглиз тилида ўқишса, бугунги янгиликни тушуниб етади. Масалан, ўтган йили февраль ойида генетика бўйича бир янгилик яратилди. Ар-Риёдда ўғлим ўқийдиган тиббиёт университетида бу масала бир ой ичида ўрганиб чиқилиб, 2-курс талабаларига дастур қилиб ўқитилди. Чунки талаба буни билмаса, яхши мутахассис бўлиб чиқолмайди.

Ўзбек шифокори оиласи даврасида.

Ўзбекистон шароитида яратилган янгиликни бир ой ичида ўрганиб, дастурга киритишнинг имкони йўқ. Чунки дастурлар бир йил олдин тузилади, тасдиқланади ва ҳар йили янгиланаверади. Энг ёмон нарса кафедрада ишлаш бўлган. Фақат шифокорлар эмас, кафедрада ишлайдиган ўқитувчиларнинг ойлиги ҳам жуда паст. Уларнинг ҳам ойлигини ошириш керак. Чунки улар касал билан ишламайди.

Касал билан ишлайдиганлар касаллардан 3-4 сўм олади ва бу ҳеч кимга сир эмас. Қўшимча даромади бўлмагандан кейин кўпчилик кафедралардан кетиб қоляпти. Сўнгги пайтларда кафедрадагиларнинг ойлиги ҳам оширилди. Aммо бу ҳам ҳали етарли эмас. Кафедрада ишлайдиган ўқитувчининг оиласини таъминлай оладиган даражада ойлик қилиб бериш керак.

Яна бир масала кафедрага дастур тузиш топширилганда, улар дастур тузади. Орадан олти ой ўтиб яна бошқача тузиш керак деб қолишади. Ўқитувчиларнинг боши айланиб қолади. Мен ўзим бу нарсани бошимдан ўтказдим. Шунинг учун чет элникини кўриб, битта стандартни олиб, охиригача ўша стандарт бўйича кетиш керак. Буни ҳадеб ўзгартиравериш керак эмас. Биз бирор давлат стандартини олиб ўша бўйича ўқитишга келишиб олишимиз зарур.

«Талабаларга инглиз тилида дарс бериш, инглизча биладиган ўқитувчиларни кўпайтириш, четдан ўқитувчиларни жалб қилиш...»

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ўнглаш, ривожланган давлатлардаги тиббиёт даражасига олиб чиқиш учун нималар қилиш керак? Ислоҳотларни энг аввал нимадан бошлаган маъқул?

– Ҳозирги пайтда тиббиётни яхшилаш учун вақт керак. Бу 1-2 йил эмас, узоқ йиллар давомида бўлади. Ҳозирдан нимани тўғрилаш кераклигини ярим йил, бир йиллик режалар билан мўлжаллаб бориш керак. Биринчи ўринда мактабларда инглиз тилини яхши ўқитиш, олийгоҳларда инглиз тилида дарс бера оладиган ўқитувчиларни кўпайтириш, ҳеч бўлмаса, уларни қайта тайёрлагунча катта ойликка бўлса ҳам четдан ўқитувчиларни жалб қилиш керак. Aлбатта, четдан келадиган ўқитувчилар катта ойлик олади. Касаллар билан ишлаётган шифокордан кўра, дарс бераётган ўқитувчилар 30-50 фоизгача юқори ойлик олади.

Ҳозирги технология ва стандартлар бўйича хорижлик ўқитувчиларни талабаларга дарс бериш учун олиб келиш керак. Шунингдек, олийгоҳларнинг чет эл билан алоқасини кучайтириб, хорижликлар билан таълим стандартларини ишлаб чиқиш керак. Иложи борича биздаги олийгоҳларни чет эл аккредитациясидан ўтказиш керак. Бу орқали чет элга чиққан ўзбек мутахассислари дипломи тан олинади.

Масалан, Саудия Aрабистонига келган айрим шифокорларни тан олиб, уларга лицензия бериш қийин бўлиб, келганлар бир йил ишлаб яна қайтиб кетишмоқда. Худди шу ҳолат бошқа чет давлатларида ҳам такрорланяпти. Сабаби улар бизнинг кўпчилик олийгоҳларимиз ҳақида билмайди.

Қирол Фаҳад шифохонасидаги жарроҳлик амалиёти жараёни.

Бундан ташқари, врачларимизни, айниқса, катта клиникалардаги бир неча шифокорни ҳеч бўлмаганда икки ой, бўлмаса тўрт-беш ой, бир йиллик курсларга юбориш керакки, у ерда ўрганганларини ўзининг клиникасида татбиқ қилсин. Бу учун тиббиёт муассасалари базалари мавжуд клиникаларда энг замонавий технологиядаги аппаратлар, дори-дармонлар ишлатилиши лозим.

Талабаларга янги чиққан ускуналар ва дорилар мисолида дарс бериш керак. Биз ҳам вақтида ўзимиз ишлатиб кўрмаган тиббий ускуналар ҳақида оғзаки дарс берганмиз, лекин уларнинг аксариятини қўлимиз билан ушлаб ҳам кўрмаганмиз, дори-дармонларни ишлатиб кўрмаганмиз. Шунинг учун ҳам буёққа келганимизда озгина қийин бўлди. Биз ўша ерда ишлаб юрган пайтимизда вазирнинг қабулига кирдик.

Вазир алмашди, ундан кейин, яна икки киши бирга кириб гаплашдик ҳам шу аппаратларни – сунъий нафас олдириш аппаратларининг янгиларини олиш бўйича, чунки неча йиллик аппаратлар эди. Бу нарсаларнинг охирига ета олмадик, балки имкон бўлмагандир. Мен ҳеч кимни айбламоқчи эмасман бу нарсада.

Айтмоқчиманки, аҳамият беришимиз керак бўлган нарсалар булар. Буларни янгиламас, тўғриламас эканмиз, тиббиётимизни олдинга юргизиш бироз қийин бўлади. Ҳозир хусусий клиникалар кўпайиб кетяпти, улар энг замонавий жиҳозларни олиб келиб, шу томондан ютишмоқда. Лекин давлат клиникалари бу борада ортда қолмоқда. Айниқса, университетларнинг базалари ҳисобланган клиникаларда бу нарсалар бўлмаса, биз таълим бераётган талабалар етарли даражада савияга эга бўлмайди.

«Саудияда шифокорга қўл кўтарган шахс кўп йилга қамалади»

– Саудияда ҳам шифокорлар беморлар ёки уларнинг қариндошлари томонидан калтакланадими? Тиббиёт ходимларини ҳақоратлаш, уларга куч ишлатиш ҳолатлари мавжудми?

– Саудияда барча қонунлар ўз халқини ҳимоя қилишга қаратилган. Саудлар жуда кўп ҳолатларда иммигрантлардан устун ҳисобланади. Бироқ шифокорларга муносабатда бунинг акси. Мен Мадинада чет эллик бўлсам ҳам, бу ерда шифокор сифатида ҳурмат қилишади, қаттиқ гапиришмайди. Агар кимдир шифокорга қўл кўтарадиган бўлса, кўп йилга қамалиши мумкин.

Бизнинг Ўзбекистонда шифокорларга қўл кўтариш, уни ҳақорат қилиш, айниқса, уни қамаш ҳолатлари бор. Шифокорни қамаш керак эмас, сабаби ҳеч қайси шифокор бемор ўлиши учун ҳаракат қилмайди. Қанақа қилиб уни қамаш мумкин? Агар у 5-6 йил қамалиб чиқса, амалиётини йўқотиб қўяди.

Шифокорни қамаш ҳеч қайси давлатда йўқ. Тўғри, «шифокор хатоси» деган нарса бор, у ҳам керак бўлса, бир йил ёки икки йил яхшилаб текширилиши ва шунга қараб хулоса берилиши керак. Унгача шифокор ўз ўрнида ишлаши керак. Агар ундан кейин врач хато қилгани ҳақида хулоса берилса, у беморнинг яқинларига маълум миқдорда товон пули тўлайди ва ўз ишида давом этади.

Ўзбекистондаги врачларда, масалан, бирортаси хато қилса, унга чора кўрилади, қамалади, бошқа қилади. Битирганига бир-икки йил бўлганига ҳам шу аҳвол, ўттиз йил ишлаганига ҳам бир хил қаралади. Бу ерда – чет элларда бу нарсада озгина фарқ бор экан. Менга ёққан яна бир жиҳати врачлар учта категорияга бўлинган.

Биринчи категория масалан, университетни битирган ва бир йиллик интернатуранинг ўзини тугатган ва шу соҳа бўйича бирорта масалан, хирургиягами, анестезиологиягами бориб, шогирд тушиб юриб, ўша жойда ўрганиб, ярим йил, бир йил ўрганиб, ўша ерда ишлаб кетди. Бу биринчиси. Буни резидент дейди, резидент, фараз қилайлик, 1000 доллар, 1500 доллар ойлик олади.

Иккинчиси, магистратурани ёки клиник ординатурани битирган шифокорлар. Бу шифокорларни специалист ёки регистрар дейди, специалист мақомида ишлайди. Биринчи тоифа фақат ёзув-чизувга ёрдам бериб юрадиган бўлса, регистрар ўртача ҳоллардаги касалларни даволашда иштирок этади. Ўртачароқ наркозларни бера олади. Ўртачароқ операцияларни қила олади, агар консултант рухсат берса, тепасида турган бошлиқ – бу резидентдан кўра икки баробар кўп ойлик олади.

Аброр Акмалов ҳамкасблари билан.

Учинчисини консултант дейди, бу ўша PHD, яъни тиббиёт фанлари номзоди ёки MD – медикал доктор олган, бунинг учун масалан магистратурада уч йил ўқиса, консултант бўлиш учун яна беш йиллик ўқишни тугатади. Ана ундан кейин консултант бўлиб ишлайди. Ана ўша консултант бўлиб ишлаган одамнинг ўз гуруҳи бўлади, унинг қўл остида регистрари ҳам бўлади, специалисти ҳам, резиденти ҳам бўлади. Лекин тепасида битта консултант туради. Ҳамма нарсага жавоб берадиган консултант бўлади. Касал билан бирор ҳолат юзага келадиган бўлса, консултант жавоб беради. Резидент, регистрар жавоб бермайди.

Бизда ҳозир консултант деган мақомнинг ўзи йўқ-да, майли энди, унча-мунча номзод чиқарилган, бошқа ишлар қилинган. Бу алоҳида мавзу. Бу ерда ҳам алоҳида масалалар бор. Лекин охирида жавоб бериш керак бўлганда битирганига 2-3 йил бўлган ёки 5 йил бўлган, лекин фақат магистратуранинг ўзини битирган, интернатурадан кейин ўзи мустақил ишлаб кетган шифокорга жуда катта масъулият юклаб, уни қамаш даражасига олиб борамиз. Унинг айби эмас-ку бу. Биз ўзимиз уни етарли даражада ўқитмаганмиз-да, лекин ундан фақат талаб қилишни биламиз. Бу озгина хато. Бу нарсани ҳам тўғрилаш керак.

Чунки консултант мутахассисдан кўра икки баробар кўп ойлик олади. Ойлигида ҳам, ўқишида ҳам, меҳнатида ҳам фарқ катта. Шунинг учун ўн йиллаб, ўн беш йиллаб ўқиб, охири консултант даражасига чиқилади ва шунга яраша ойлик олади. Чунки 10-15 йил қийинчиликка чидаган. Сабр билан ўқиган, қийналган ва ҳозир даволаш бўйича ишлайди.

Ўтган куни бир ҳазил чиқиб қолди. Кўрган бўлсангиз керак ижтимоий тармоқларда. Бир катта қайиқни мотори бузилиб қолганда устасини чақирибди. Келиб, болға билан у ер, бу ерини уриб бўлгандан кейин қанча бўлади, деб сўрашса, 4 минг доллар деяпти, тахминан айтяпман. Нимага бунча, бизга ёзиб беринг батафсил, нимага 4 минг доллар тўлашимиз керак, болға билан уриб-уриб қўйилганига 4 минг доллар тўлаш керакми, дейишса, болға билан уриб қўйилганига 1 доллар, шунинг қаерини уришни билгани учун, ўргангани учун 3 999 доллар деб кўрсатган.

Бу худди шунга ўхшаган нарса, тиббиётда қайси дорини беришни, қайси пайтда қандай дорини беришни билиш учун у неча йил ўқиган. Мана шунга унга ҳақ тўланади. Буни тушуниш керак. Иккита рецепт ёзиб берганига шунча пул оляпти деган нарса бўлиши керак эмас тиббиётда.

«Оч шифокор хавфли – шифокорларнинг беморлар қўлига қараб қолишига ойлик камлиги сабаб бўлади»

– Нима учун ўзимизнинг олтинбошлар ўз бахтини чет элдан излаб кетиб қолмоқда. Масалан, сиз қайси сабабларга кўра хорижга ишлашга кетгансиз?

Мен Тошкент вилояти Пскент туманида туғилганман. Оддий шифокорман, катта таниш-билишларим ҳам йўқ. Aспирантурага ўқишга кириб уни битираётган вақтимда 5та соҳа бўйича президент стипендияси жорий қилинди. Ўшанда тиббиёт ва экологияга ажратилган грантни биринчи бўлиб мен олганман. Номзодлик, ундан кейин докторлик диссертациямни ёқладим. Буларнинг бирортасида пул бериб таниш-билишчилик қилишга тўғри келгани йўқ. 3 йил кафедра мудири бўлиб ишладим.

Бировни оёқ кийими чиройли кўрингани билан унинг оёғини қанчалик сиқаётганини ўша одамнинг ўзигина билади, бошқа биров билмайди. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги энг оғриқли нуқта ойлик масаласи. Коррупция, порахўрликнинг келиб чиқишига ҳам ойликнинг камлиги сабаб бўлади. СССР энди парчаланиб кетган пайтда митинг бўлганда бир одам «Оч шифокор хавфли» деб ёзилган плакатни кўтариб турибди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Чунки шифокор уйда бола-чақасига нон топиб олиб келолмаётган бўлса, бошқа жойдан пул топиб олиб келишга ҳаракат қилади. Охири шунча йил ўқиганим нима бўлди, нина билан қудуқ қазганим қаерга кетди, номзодлик, докторлик диссертациям нима бўлди, деган савол беради.

Мен Ўзбекистондан чиқиб кетган вақтимда кўтарилган ойлигим ҳам 200 доллар эди. Бу ёққа эса ундан 40-50 баробар кўпроқ ойлик бериляпти. Ойлик бу сизнинг меҳнатингизга бериладиган баҳо, инсоннинг қадри, оилани ўйлаш ва уларнинг эртага бирор нарсага муҳтож бўлмаслиги ҳақида қайғуриш дегани. Ҳеч кимга сир эмас, катта пул топиб яхши яшаётганлар ҳам бор. Улар қандай даромад топяпти билмадим. Aммо коррупция ёки бошқа қинғир йўлга киришни виждоним қабул қилмади. Натижада кафедра мудири бўлиб ишлаётган жойимда чет элга чиқишга мажбур бўлдим.

Кам ойликка ишлаётган одамнинг олдида икки йўл қолади: ё порахўрликка ўрганиб қолиш, ёки четга кетиш. Шифокорларнинг кўпчилиги ҳозир чет элга чиқишга тайёр бўлиб турибди. Фақат тил билмагани ёки йўлини тополмаётгани учун Ўзбекистонда ўтирибди.

Ҳозир чет элдан шифокорларни олиб келиш ўрнига Ўзбекистондаги шифокорлар ойлигини кўтаришни ўйлаш керак. Ўзбекистонда улардан фойдаланишнинг йўлини қилиш керак. Масалан, ўзимнинг ўғлим Ар-Риёдда ўқияпти ва унинг ўқиш пули жуда қиммат. Ўзбекистондаги ҳозирги сиёсатни кўриб бориб ишлагим келади. Мен айтган ойликни эса Ўзбекистонда қилиб беришолмайди. Ўзбекистонда беришган ойлик билан фарзандимни ўқитолмайман.

Ўзбекистонда прокурор ёки банкирлар қанча ойлик олишини биласиз. Ҳозир чет элда энг юқори ойлик шифокорнинг ойлиги ҳисобланади. Прокурор ва банкирлар эса шифокордан бир неча баробар кам ойлик олади.

Биз чет элдан келганимизда бизга бу ерда шунча ойлик беришганининг сабаби – улар халқнинг саломатлиги ва келажаги учун шифокорнинг муҳимлигини тушунишган. Aгар Ўзбекистонда ҳам халқ аҳволини яхшилашмоқчи бўлишса, шифокор ойлигини ошириш керак. Бу ерда ҳар йиллик стажнинг кейинги йилига ойликка қўшимча 130-150 доллар устама беради. Мен келаётган пайтимда эса ойлигимнинг ўзи шунча эди.

«Америка ва Европада шифокорлар битта стандартдан фойдаланилади, шунинг учун битта бемор ўнта шифокор кўригидан ўтганда ҳам бир хил ташхис қўяди»

– Нимага бир беморни, у чалинган касалликни даволашга ихтисослашган уч шифокор кўригидан ўтказилганда улар уч хил ташхис қўйишади, уч хил муолажа қилишади?

– Бу нарсанинг биринчи сабаби бизда стандартнинг йўқлиги. Ягона стандарт деган нарса бор-да. Масалан, Америкада ҳам, Европада ҳам битта стандартдан фойдаланилади. Масалан, уларники алоҳида, буларники алоҳида эмас.

Лекин бизда Ўзбекистонда ҳар битта касалхонага стандарт тузинглар, деб буйруқ берилган нечанчи йилларда. Ҳар битта касалхона ўзи учун стандарт ишлаб чиққан. Масалан, марказдаги шифохоналар ўзининг имкониятидан келиб чиқиб, стандарт тузган бўлса, четдаги касалхонадагилар ўзининг базасидан келиб чиқиб стандартлар тузган.

Масалан, битта касалликка шу-шу дорилар қилиниши керак деб берилди, лекин четдаги касалхоналарда бу дорилар йўқ, улар ўзларидаги бор доридан келиб чиқиб стандарт белгилаган. Энди, қаранг, одамларнинг қўлига дори ёзиб бериш ҳам шундан келиб чиқади.

Яъни чекка ҳудуддаги касалхоналар оддийроқ бир стандарт ишлаб чиқади. Лекин бу оддий стандартдаги даво билан касални чиқариб бўлмайди. Буни у ерда ишлаётган шифокор тушуниб етгандан кейин бу дорилар бўлиши керак, уларни ишлатиш керак, дейди, лекин клиникада йўқ. Мажбур, йўлланма ёзиб беради. Кимдир буни тушунади, кимдир тушунмасдан, кейин шифокор ёзиб берди, ўзининг касалхонасида йўқми, деган тушунча келиб чиқади. Бу ҳам бир мисол.

Ягона стандартга ўтиш керак. Ҳар хил базада ҳар хил ўқитади, деётганларидек, ҳар хил базада ҳар хил домла бор-да, ҳар хил домланинг билими ҳар хил. Ўзининг билимидан келиб чиқиб буни бундай даволайсан, деб туриб, ўзи ўқиган китобидан буни ўқитади. Бу базада ўқиётган бошқа китобларни ўқиган бўлса, ўзининг китобидан келиб чиқиб, буни ўқитади, бундай қил, дейди.

Хорижда ҳам фикрлар кўп, бу олим бундай бўлгани яхши, дейди. Бу олим бундай бўлгани дуруст, дейди. Лекин стандарт ҳақида гап кетганда битта стандартга келишилади. Ўша стандартга амал қилади. Бу ўн марта академикми ёки энди иш бошлаган одамми, шу ёзилган стандартга амал қилишга мажбур. Лекин ундан чиқиб кетиб қолса, касалда бирор асорат бўлса ёки ўлим ҳолати бўладиган бўлса, стандартдан четга чиққани учун у жавоб беради. Шунинг учун ўша стандарт билан ишлайди.

Агар ҳар битта клиника стандарт билан ишласа, бир-биридан фарқи бўлмайди. Айтилганидек, уч табақали врач бўлиши керак. Бу клиникадаги консултант билан бошқа бир клиникадаги консултант битта тилда гапириши лозим. Билими бўлиши, шу стандартни билиши, у стандартга амал қилиши керак, бўлди.

Масалан, менга келсангиз ҳам шу давони ёзиб бераман. Бошқа катта академикка борсангиз ҳам, у бундан чиқиб кета олмайди. Худди мен ёзганларни кўради-да, дунёдаги стандартга тўғри нарсаларни ёзибди, бунақа ҳолатда шундай қилиш керак эди. Мен ҳам худди шу ҳолатдаги нарсаларни айтаман, дейди. Ҳеч нарса қўшмайди ҳам, олиб ташламайди ҳам. Биринчидан, бу – касалнинг яхши бўлишига ёрдам беради. Иккинчидан, беморларнинг олдида шифокорларнинг обрўсига ҳам яхши бўлади.

Бизда нима бўлади? Битта шифокордан бориб даво ёздириб келади-да, иккинчи шифокорга келса, «Ким ёзиб берди буни, эээ, бўлмабди, бундай-бундай бўлиши керак эди», дейди, бошқасига борса, бошқаси буни ёмонлайди. Бир-бирини ёмонлаш билан кун ўтаётганга ўхшаб қолади-да. Бу дегани шифокорнинг бемор олдида обрўси йўқолади.

«Чет элдан малакали консултантларни олиб келиб ишлатиш керак»

– Ўзбекистондан шифокорларни хорижга юбориб малакасини оширган яхшими ёки чет элдаги малакали мутахассисларни олиб келиб, шу ерда иш ўргатган афзалми?

– Ўзбекистондан бир неча шифокорни у ёққа юбориб, улар ярим йил, бир йил шуғулланиб келишига вақт кетади. Буни ҳам йўлга қўйиш керак, лекин ҳозирги пайтда қилиниши керак бўлган ишлардан биттаси чет элдаги консултантларни олиб келиб, клиникаларга битта-битта қўйиш керак.

Эшитдимки, «Akfa»га ҳинд шифокорини олиб келиб, анестезиолог-реанимотолог консултант экан, у чет эл стандарти бўйича улар билан бирга ишлаб, қўл остидагиларга тушунтириб, шунақа тарзда ишлатади.

Ҳар битта консултант келиб, клиникаларда ишлайдиган бўлса, чекка ҳудудлардаги шифокорлар ҳам келиб, бир-икки ой улар билан ишласа, бу врач келиб, 1-3 йилга шартнома тузиши керак бўлади. Тўғри, каттароқ ойлик берилади. Лекин жуда катта пул кетиб қолмайди врачлар бориб ўқиб келиши билан таққослаганда. Шунинг учун уларни олиб келиш энг керакли нарса.

Яна бир нарсани айтмоқчиман, тиббиётда ривожланиш бўлиши учун тиббий суғурта тизимига ўтиш керак. Оддий бир мисол, бу ёқда юриб, ўйладим, нега ўтилиши керак? Буни халққа чиройли тушунтириб бериш керак. Ижтимоий тармоқларда тиббий суғурта жорий этилиши ҳақидаги хабарларнинг тагида одамлар врачларни сўкиб ётади. Мана, шифокорлар биздан яна пул олмоқчи деб. Йўқ! Бу ерда тиббий суғурта тизимига ўтиш шифокорлар учун зарарли нарса. Нимага?

Масалан, бир бемор келди ва даво олмоқчи, лекин пул тўлолмайди бунга. Америка, Европа давлатлари, Саудия Арабистони, Кувайт каби давлатлар камбағал давлатлар эмас. Жуда бой давлатлар. Лекин буларда ҳам тиббий суғурта тизими бор. Нега? Чунки тиббиёт шундай катта пул талаб қилувчи соҳаки, шундай катта давлатлар ҳам буни таъминлаб бериши катта иш.

Ўзбекистонда жуда кўп марта текин тиббиёт қилиб берамиз деган ҳаракатлар бўлган, бу нарса Ўзбекистон бюджетининг жуда катта қисмини еб қўйиб, яхши бўлмайди. Тиббий суғурта тизимига ўтиладиган бўлса, уни ҳар бир одам ўзи тўлаши шарт эмас, ишлаётган жойида ишхонаси таъминлаб бериши мумкин, масалан, бизда барчамизни давлат суғурта қилган. Кўп жойларда шундай. Катта-катта ташкилотлар ўзи суғурта қилиб беради. Дейлик, ўзини 100 000 сўмга суғурта қилди. Лекин бир йил ичида шу суғурта пайтида уни 12-15 миллион сўмлик операция қилиш керак бўлиб қолди. Суғурта ҳисобида бу унга фойдали бўлади.

Иккинчидан, давлат фақат текинга қилаверамиз, деса, бюджетдан арзимаган ажратилган пулга, арзон шўрва татимас, дейди-ку, шунақа бўлаверади. Яхши тиббиёт бўлиши учун у ерга пул тушиши, ўрни тўлдирилиши керак-да. Янги дорилар, янги аппаратлар олиш учун пул зарур, пул эса ўша суғуртадан тушиши керак.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Мирвоҳид Мирраҳимов – тасвирчи

Мавзуга оид