21:54 / 22.11.2020
31959

Фото: Андижонда мактаб ўқувчилари совуқ ҳавода устки кийимсиз байроқ ҳилпиратишга олиб чиқилди

Ижтимоий тармоқларда, ҳаво совуқлигига қарамай, қалин устки кийимсиз очиқ жойда сафлантириб қўйилган мактаб ўқувчилари сурати тарқалди.

Фото: t.me/nozimsafari

Суратларда болалар қўлига байроқлар тутқазиб қўйилгани, улар икки томондан саф тортиб ҳосил қилган йўлакдан бир эркак ва аёл муассасага кириб келаётганини кўриш мумкин. Суратларда болалардан ташқари кўринган одамларнинг барчаси – куртка ва пальтода.

Блогер Отабек Артиковнинг ёзишича, сурат 18 ноябр куни Андижон шаҳридаги 43-мактабда олингани айтилмоқда. Блогер Нозим Сафаровга кўра, бу ҳолат тарғибот тадбири вақтида кузатилган.

Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳ тузган ҳолда ҳолат ўрганилаётганини хабар қилди.

Фото: t.me/Otabek

Отабек Артиков суратни эълон қилгач, эртасига унга 43-мактаб вакиллари боғланишганини маълум қилди. У тақдим этган Telegram'даги ёзишма скриншотидан кўринишича, мактаб вакили ўқувчилар «соатлаб совуқда турмагани», «расмга тушиш учун 2 минутга чиқишгани», тадбир эса «аслида ичкарида ўтказилгани»ни блогерга ёзиб юборган.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда ҳафта ўртасидан буён изғиринли совуқ ҳаво ҳукм сурмоқда. «Ўзгидромет» келаси ҳафтадан бошлаб ҳаво илий бошлашини прогноз қилган.

Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш ҳолат йил бошида Фарғона вилояти Сўх тумани Чўнғара қишлоғида ҳам кузатилганди. Вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Шуҳрат Ғаниевни нон кўтарган ҳолда кутиб олиш учун чиқарилган ўқувчи қиз январ ойи бўлишига қарамай қалин устки кийимсиз, миллий либосда бўлгани танқидларга сабаб бўлган эди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати қизча «атиги 1–2 дақиқага» ҳовлига чиққанини айтган.

Top