Ўзбекистон | 22:35 / 07.01.2021
19469
2 дақиқада ўқилади

Давлат харидларидаги қариндош-уруғчиликни ўрганиш ишлари давом этмоқда — Аксилкоррупция агентлиги

Ўтган ҳафталар давомида бир нечта вилоятлардаги йирик давлат харидларида қариндош-уруғчилик яққол кўриниб тургани аён бўлди. 7 январь кунги матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

«Ўрганишлар амалга оширилмоқда. Ўрганишлар натижасида агар жиноий иш қўзғатиш учун асослар бўлса, тегишли материаллар прокуратура ва бошқа тегишли мутасадди органларга юборилади. Улар жазоланадими ёки йўқми, бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли. Чунки тегишли жиноий иш доирасида ўрганишлар натижасидагина шу хулосага келиш мумкин бўлади.

Бу хулосани биз чиқармаймиз, биз фақат материал тақдим қиламиз. Тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарори асосида бу масала ҳал қилинади» – деди у.

  • Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти ҳокимлиги қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК раҳбари Муҳиддин Қодиров ва «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали раҳбари Равшанбек Жабборқулов миллиардлаб давлат буюртмаларини ўзлари ва қариндошларига тегишли компаниялар ўртасида «тақсимлаган».
  • Жиззах шаҳрини кўркам қиёфага келтириш ва гуллар экиш бўйича 2 миллиард сўмдан ортиқ иккита давлат буюртмасини эса вилоят ҳокимининг қизига қарашли корхона қўлга киритган.
  • Хоразмда вилоят ҳокимининг тайинланганига бир йил ҳам бўлмаган ўринбосарининг укасига тегишли компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмасини олган.
  • Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК директори Баҳодир Мансуров оиласига тегишли корхона ҳам бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни парламентга мурожаатида бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлишини таъкидлади.

Мавзуга оид