Жамият | 16:47 / 11.02.2021
51550
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирлигидан Турдимовга хат келди. Унда ургутлик мурожаатчилар ҳақида хабар берилган

Таҳририятга Ички ишлар вазирлиги томонидан Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов номига юборилган хат келиб тушди. Мазкур хатнинг ўзига хослиги шундаки, унда беш нафар фуқаронинг номи келтирилган. Улар юқори идораларга мурожаат қилишни режалаштираётганидан огоҳлантирилган.

Хатда бу фуқаролар ҳозирги кунга қадар ўз мурожаатлари ижобий ҳал бўлмагани боис, Kun.uz мухбирига мурожаат қилишгани, сайт ёрдамида намунавий уйлардаги муаммоларни интернет тармоғига жойлашгани маълум қилинади. Мурожаатчиларнинг манзили, исм-фамилиялари тўлиқ келтирилиб, яқин кунларда Тошкентдаги юқори турувчи органларга чиқишлари мумкинлиги ҳақида айтилган. Дарвоқе, «режалаштирган» ибораси қўлланган. Бу сўз одатда ижобий буёқ ташимайди (Атай намойиш ўтказишга ҳаракат қилиняпти, деган ибора келтирилмади).

Очиғини айтиш керак, вазирликдан бу хатнинг келиши бежиз эмас. Чунки, Kun.uz сайтида эълон қилинган «Ургутдаги совуқ ва сифатсиз намунавий уйлар: ҳокимнинг пўписаси ва антитеррор ташрифи» сарлавҳали мақолада Ургут ҳокими Ботир Жабборов қабулига келган мурожаатчиларга «тили узунлиги» учун дакки берган ва истаса, «икки дақиқада кимлигини аниқлаб олиши» мумкинлигини айтганди.

Дарҳақиқат, ҳокимнинг пўписасидан бир кун ўтиб мурожаатчиларнинг уйига ички ишларнинг терроризмга қарши кураш бўлимидан вакил бориб, «рўйхатга олган». Шундан кейин ҳоким ҳазиллашмаган экан, деган хаёлга борганди фуқаролар.

Одамни қўрқитадиган бир ҳолат бор. Ҳоким мурожаатчиларга пўписа қилганди, мурожаатчиларнинг уйига терроризмга қарши кураш бўлими борди ва Ички ишлар вазирлигидан юқоридаги хат вилоят ҳокимига келди!

Савол туғилади. Ургут тумани ҳокимига фуқаролар ўз муаммосини айтиб боришса, жиноятчи ҳисобланадими? Уларнинг шахсини «икки дақиқада» аниқлаш учун кетадиган вақт муаммо ечимига қаратилмайдими? Борингки, арз қилиш ҳақидаги меъёрлар Ургутда ишламайдими?

Яна савол. Ички ишлар вазирлиги ҳар доим ҳам шу каби мурожаатчилар ҳақидаги ахборотни вилоят ҳокимларига жўнатиб турадими? Бу қандай ишлаш тартиби? Мақсад нима? Қўрқитишми, тийишми, эзишми?

Яна савол. Энди вилоят ҳокими Турдимов нима қилади? Нима қилиши керак? Вазирликдан бу маълумотларни ҳокимлик сўраб олганми?

Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд ҳокимига юборган хати, ҳоким пўписасидан кейин мурожаатчиларнинг уйига терроризмга қарши кураш бўлимининг «ташрифи» юзасидан тегишли ташкилотлардан жўяли изоҳ кутиб қоламиз.

Яқинда Kun.uz сайтида «Ургутда ЭИЗга яқин уйлар бузилиши мумкин. Ҳокимлик ҳудудда нима режалаштирилганидан бехабар» сарлавҳали мақола ҳам эълон қилинганди. Шундан сўнг, туман кенгаши сессиясида маҳаллий депутат ҳокимлик ва саноат зонасининг ёнини олиб, сайтни иғвогарликда айблаганди. Бир муддат ўтиб, Kun.uz'ни иғвогарликда айблаган депутат бунинг учун узр сўраганди.

Шуҳрат Шокиржонов

UPD: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ҳолат бўйича изоҳ берди.

«Мазкур хат вилоят ҳокимлигига фуқароларнинг маълум муаммоларини қисқа муддатда ҳал этиш зарурлиги, ечимини топмаётган масалалар фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқариши мумкинлиги, бу эса ўз навбатида улар томонидан юқори турувчи идоралар олдида норозилик намойишларини ўтказиш оқибатида жамоат тартиби бузилиши ҳолатларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш мақсадида юборилган.  

Маълумот тариқасида, Ички ишлар органларининг асосий вазифаларидан бири ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат. Жумладан, аҳолининг маиший муаммолари ҳал этилмаслиги оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида барча давлат органлари ва ҳокимликларга тақдимнома киритиш амалиёти йўлга қўйилган», – дейилган изоҳда.

Мавзуга оид