21:45 / 26.02.2021
16473

Қурилиш вазирлиги Бухорода ноқонуний қурилаётган бинолар ҳақида маълум қилди

Қурилиш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудида тадбиркорлар томонидан олиб борилган қурилишларни ўрганиб, айримларидаги хато ва камчиликлар ҳақида маълумот берди.

1. Бухоро шаҳри И.Каримов (Мустақиллик) кўчаси 24/1-уй манзилида жойлашган «BELUGA STORY AND BURGERS» МЧЖ томонидан қурилаётган 1 ва 2-қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли кўп хонадонли турар жой биноси ўрганилганда қаватлараро ёпмаларда – иккинчи қават ёпмалар қопламаларида табиий қор ва ёмғирлардан кейинги асоратлар ва моғорлар ҳосил бўлгани, устун ва тўсинларнинг бурчаклари учиб кетгани аниқланган.

«Бинонинг ташқи деворлари қурилиш нормативларига мос лойиҳалаштирилмаган. Бинонинг ташқи девор конструкцияларида лойиҳа ва визуал текширишда дераза дарчаларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмаган. Тўсинни сейсмик белбоғга боғловчи арматуравий анкерлар ўрнатилмаган. Бетон мустаҳкамлиги ғишт териш учун цементли қоришманинг мустаҳкамлиги бўйича лаборатория синовлари ўтказилмаган бўлиб, яширин ишлар далолатномаси ва умумий пайвандлаш бетон ишлари журнали юритилмаган. Бинонинг асосий конструкциялари (устун ва ригель) бетон маркаси аниқланганда, лойиҳада кўрсатилганидан бошқа маркадаги бетондан фойдаланилгани маълум бўлган. Умуман олганда, бинонинг зилзилабардошлигига таъсир кўрсатадиган конструктив нуқсонлар аниқланган», дейилади вазирлик маълумотида.

Юқорида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун Бухоро вилояти қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат (ҚСҲН) инспекцияси томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган ва ижроси назоратга олинган.

2. Бухоро шаҳри Ғиждувон кўчаси манзилида жойлашган «METRIC VENTURES» МЧЖ томонидан қурилаётган меҳмонхона биноси ўрнатилган тартибда инспекцияни хабардор қилмасдан қурилиш-монтаж ишлари бошлагани сабабли Бухоро вилоят ҚСҲН инспекцияси томонидан огоҳлантириш хати берилган. Қаватлараро ёпмаларда – охирги қават ёпмалар қопламаларида эса табиий қор ва ёмғирлардан кейинги асоратлар ва моғорлар ҳосил бўлган.

Бинонинг асосий конструкциялари (устун ва ригель) бетон маркаси аниқланганда, лойиҳада кўрсатилганидан бошқа маркадаги бетондан фойдаланилгани ойдинлашган. Устун ва тўсинлар туташ қисмда монтаж вақтида монтаж пенасидан фойдаланилган, кўп тугунларда монтаж пенасининг кўпайиб кетгани учун тугунда ғоваклар ҳосил бўлган.

Ҳозирги кунда тасдиқланган лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмаётгани сабабли юқорида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун инспекция томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган.

3. Бухоро шаҳри Ҳамза кўчаси манзилида жойлашган «BUNYODKOR SHAHARSOZLIK» МЧЖ томонидан қурилаётган 1 ва 2-қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли турар жой биносида қаватлараро ёпмаларда – иккинчи қават ёпмалар қопламаларида табиий қор ва ёмғирлардан кейинги асоратлар ва моғорлар ҳосил бўлгани аниқланган. Устун ва тўсинларнинг бурчаклари учиб кетган.

Бинонинг асосий конструкциялари (устун ва ригель) бетон маркаси аниқланганда, лойиҳада кўрсатилган М250-М300 бетон марка ўрнига амалда М150-М250 қилиб бажарилгани маълум бўлган.

Бинонинг қурилиши ҳали тугалланмагани, учинчи қаватда устунлар бино ўқларига нисбатан рухсат этилган меъёрдан ортиқ силжиш билан бажарилгани ҳам аниқланган бўлиб, ушбу камчиликни бузиб тўғрилаш мумкинлиги таъкидланган. Қурилиш монтаж ишларида бир қатор камчиликлар аниқлангани сабабли ҳудудий инспекциянинг 2020 йил 4 ноябрдаги тегишли кўрсатмаси берилган.

Бухоро шаҳри С.Айний кўчаси 12-уй манзилида жойлашган «DEVELOPMENT DREAM HOUSE» МЧЖ томонидан қурилаётган, 1-қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли турар жой биноси ўрганилганда қурилиш-монтаж ишлари Бухоро вилоят ҚСҲН инспекциясини хабардор қилмасдан бошлагани аниқланган. Шу туфайли, Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 9 декабрдаги қарори билан МЧЖ раҳбари тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан туриб қурилиш ишларини бошлагани учун МЖтК 99-моддаси 7-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ушбу қурилиш Бухоро вилоят ҚСҲН инспекцияси томонидан 2020 йил 29 августдаги 772-сон билан рўйхатга олинган ҳамда айни пайтда тасдиқланган лойиҳа асосида бинонинг 4-қаватида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

5. «BUXORO ZAMONAVIY UY-JOY» МЧЖ томонидан Бухоро шаҳрининг бош режасини қўпол равишда бузган ҳолда Бухоро шаҳри И.Каримов кўчаси манзилида 1-қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли турар жой биноси қурилаётгани аниқланган. Кейинроқ Бухоро шаҳар ҳокимининг 2018 йил 14 июндаги қарори билан Бухоро шаҳри И.Каримов кўчасида жойлашган «BUXORO ZAMONAVIY UY-JOY» МЧЖ томонидан қурилаётган турар жой биносини қуришга рухсат берилган.

Ҳозирги кунда тасдиқланган лойиҳадан четга чиққан ҳолда қурилиш монтаж ишлари олиб борилаётгани сабабли Бухоро вилоят ҚСҲН инспекцияси томонидан 2021 йил 28 январдаги 4049-сонли кўрсатмаси берилган.

6. «Бухоро Консметаллекс» МЧЖ томонидан Бухоро шаҳри Саноатчилар кўчасида қурилаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси биноси Бухоро шаҳри бош режасига зид жойлаштирилгани ва тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида бино 2 қаватли деб кўрсатилса-да, аслида 4 қаватли бино қурилган.

«Бухоро Консметаллекс» МЧЖ Шаҳарсозлик кодекси талабларини қўпол равишда бузгани сабабли 2020 йил 16 декабрдаги хат билан ушбу ҳолат Бухоро шаҳар маьмурий судига оширилган. Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 16 декабрдаги қарори билан «Бухоро Консметаллекс» МЧЖ раҳбари МЖтК 99-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, қурилиш монтаж ишларида бир қатор камчиликлар аниқлангани сабабли 2020 йил 4 ноябрда ҳудудий инспекция томонидан тегишли кўрсатма берилган.

7. Ғиждувон тумани «Дегрезон» МФЙ Дегрезон кўчаси манзилида «ОБОД АВТО ТРАНС Қ С» МЧЖ томонидан қурилаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрганилганда – объект лойиҳада 3 қаватли кўрсатилиб, аслида 5 қаватли қилиб қурилгани маълум бўлган.

Қаватлараро ёпмаларда – бешинчи қават ёпмалар қопламаларида табиий қор ва ёмғирлардан кейинги асоратлар ва моғорлар ҳосил бўлган ҳамда устун ва тўсинларнинг бурчаклари учиб кетган, айрим конструкцияларда бетонларда ғоваклар мавжуд ва конструкцияларнинг арматуралари очилиб қолган. Бинонинг асосий конструкциялари (устун ва ригель) бетон маркаси аниқланганда, лойиҳада кўрсатилган М250-М300 бетон марка ўрнига амалда М150-М200 маркадан фойдаланилган.

Шунингдек, бино зилзилабардошлигига таъсир кўрсатадиган бир қанча конструктив нуқсонлар аниқланган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун инспекция томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган.

8. Бухоро шаҳри Дилкушо кўчаси манзилида жойлашган, «LOYIHASUV QURILISH» МЧЖ томонидан қурилаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ҳамда офис биноси шаҳар бош режасига зид равишда жойлаштирилгани ҳамда ҳозирги кунда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани аниқланган. Тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган тарҳ қисми ҳам номутаносиблиги аниқланган.

«LOYIHASUV QURILISH» МЧЖнинг мулки бўлган ушбу объект 2020 йил 24 январдаги олди-сотди шартномасига асосан фуқаро Дилмурод Сафаровга сотилгани маьлум бўлган.

Тасдиқланган лойиҳадан четга чиққан ҳолда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани сабабли масъулларга 2020 йил 21 октябр куни огоҳлантириш хати берилган ва қўшимча тарзда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган.

9. Бухоро шаҳри Дилкушо кўчасида жойлашган фуқаро Ёдгоров Олим Давронович томонидан қурилаётган, 1-қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли турар жой биноси текширилганда ҳам қаватлараро ёпмаларда – охирги қават ёпмалар плита қопламаларида табиий қор ва ёмғирлардан кейинги асоратлар ҳамда моғорлар ҳосил бўлгани кузатилган.

Бинонинг асосий конструкцияларининг бетон маркаси лойиҳада кўрсатилганидан бошқача маркадагисидан фойдаланилгани аниқланган. Шунингдек, ҚСҲН инспекциясидан кеч рўйхатдан ўтгани учун бино конструкциясини жойга нисбатан текшириш, инструментал техник текширувдан сўнг олинган маълумотларни назарда тутган ҳолда конструкцияларини ҳисоб-китоб қилиш тавсия этилган. Жумладан, тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган тарҳ қисми номутаносиблиги ҳам билдирилган.

Ҳозирги кунда тасдиқланган лойиҳадан четга чиққан ҳолда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани сабабли ҳудудий инспекция томонидан 2021 йил 28 январ куни тегишли кўрсатма берилган ва ижроси назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Жиззах вилоятларидаги ноқонуний қурилишлар ҳақида маълумот берилганди.

Top