Ўзбекистон | 22:28 / 26.02.2021
17725
7 дақиқада ўқилади

Хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича вазифалар белгиланди

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ўқитиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, уй-жой муаммоларини ҳал қилиш, соғлиғини асраш бўйича янги чоралар кўрилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан селектор ўтказди.

Расмий релизга кўра, бугунги кунда 1 400 га яқин аёл республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда.

Талабаларнинг 48 фоизи – хотин-қизлар. Ўтган йили йўлга қўйилган тизимга мувофиқ, 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз ОТМга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида «аёллар дафтари» жорий этилди. Бу дафтарга 9 та мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди. Бугунги кунгача уларнинг 80 мингининг муаммолари ҳал этилган, дейилади хабарда.

Йиғилишда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.

«Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб боряпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Олий Мажлисга мурожаатида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилганди.

Шу кунларда Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида шу кенгаш тузилди. Кенгаш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш борасида тизимли иш олиб бориши зарур.

Ҳокимлар ва сектор раҳбарларига «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатасига тадбиркор бўлиш истагини билдирган «аёллар дафтари»даги 70 мингга яқин хотин-қизларни бизнес ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифаси топширилди.

Давлат раҳбари бу борада нодавлат ташкилотлар хотин-қизларга энг яқин кўмакчи бўлиб келаётганини, бундай муассасаларга жой ажратиб, грантлар бериш кераклигини таъкидлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтаётган ҳар бир тумандаги коллежларнинг бўш турган қисмини ўқув хонаси ва ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун тадбиркорларга 30 йилгача муддатга имтиёзли ижарага бериш вазифаси қўйилди. Бунга Бандлик жамғармасидан 70 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш учун Халқ банки орқали 2 триллион сўм кредит йўналтирилади.

«Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади

Бу – янги тизим. Илгари бундай қилолмасдик. Энди имконият бор», – деди президент. 

Йиғилишда аёллар саломатлигини сақлаш масалалари ҳақида ҳам сўз борди. Жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслиги айтилди.

Мисол учун, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғиш ёшидаги аёлларнинг 30 фоизида камқонлик аниқланган. Бундан ташқари, хотин-қизлар ўртасида нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳам кўп.

Шу каби, тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган 44 минг нафар хотин-қизларни алоҳида назоратга олиб, тиббиёт бригадаларига бириктириш, тор доирадаги шифокорларни жалб қилган ҳолда, уларни даволаш бўйича топшириқлар берилди.

Жорий йил якунига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифаси қўйилди.

Онкологик касалликларни профилактика қилиш мақсадида 323 минг нафар қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланиши айтилди.

Эҳтиёжманд аёлларнинг даволаниши учун ҳар йили Хотин-қизлар жамғармасига қўшимча 30-50 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенгайтириш, жисмоний тарбия ва рақс тўгаракларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Аёлларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларини, санаторийларда даволанишини ташкиллаштириш юзасидан кўрсатма берилди.

Ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ва тўловларини қоплаш борасида ҳам енгилликлар бериладиган бўлди.

Селекторда уй-жой масаласи ҳам муҳокама қилинди. Оилавий ажрашишлар, ишсизлик, етишмовчилик оқибатида уйга муҳтож бўлиб яшаётган аёллар ҳали ҳам кўп. Сўнгги йилларда минглаб муҳтож аёлларга янги турар жойлар топширилди. Қолаверса, кам таъминланган хотин-қизлар уй олиши учун бошланғич бадал пулини тўлаб бериш тизими жорий этилган.

Видеоселекторда бу долзарб масала бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Вақтинча нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй билан таъминлаш учун ҳар бир ҳудудга 10 миллиард сўмдан, отасидан айрилган муҳтож қизлар манфаати учун 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши айтилди.

Бу маблағлар уй-жойнинг бошланғич тўловини тўлаб беришга йўналтирилади. Шунингдек, хотин-қизларга турар жой ижараси компенсацияси учун 11 миллиард сўм ажратилади.

Аёлларга, шу жумладан, тазйиққа учраганларга малакали психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Хотин-қизларнинг давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, ўз соҳаларида эришган ютуқларини рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифи илгари сурилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарлар ва хотин-қизлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Мавзуга оид